четверг, 27 сентября 2018 г.

Ношукурлик –жиноят ва фақирлик асоси

Одамзотнинг табиати қизиқ. Баъзида  иши орқага кетиб муҳтожликка юз тутса, билиб-билмай  хато қилса  ва ёҳуд жиноят кўчасига кириб қолса сабабини ўзидан эмас, атрофдан излайди  ҳамда Яратганга ёзғиради. “Мени қайси гуноҳим учун бу куйга солдинг?”, дейди. Ва аксинча, омад илгидан тутиб давр сурганида, мол-давлат тўплаганида ўзига қойил қолиб нафақат ўзлигини, балки Худони ҳам унутади. Бу худбинликнинг оқибатида нафс  янада ҳаккалак отади. Хом сут эмган банда эришган бойлигини кўпайтириш учун ҳар қандай  йўлдан қайтмай  қўяди. Айни жиҳат уни тубанлик  ва қатор жиноятларга ошно қилади.
Ҳудди шундай  ҳолатдаги киши бойлик учун коррупциядан, ўғирлик  ва порахўрликдан, ўзгалар ҳаққига хиёнат қилишдан  тап тортмайди. Унинг кўзига фақатгина бойлик  кўринади ва қалб зиёси сўнади. Одамзот феълдаги бу каби иллатлар  хусусида буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг равнақига улкан ҳисса қўшган йирик аллома Имом ал-Бухорийнинг ислом оламида Қуръони каримдан кейинги муқаддас ва шарафли манба  сифатида қадрланадиган   “Ал-жомиъу-с-саҳиҳ” ҳамда “Ал-адабу-л-муфрад”  асарларида кўп ибратли мисоллар келтирилган. Жумладан,  “Ал-жомиъу-с-саҳиҳ” китобида бу каби кимсалар хусусида шундай дейилади:
“Бу мол-дунё деган нарса ҳайвон кўзини ўйнатадиган кўм-кўк, ширин ўт-ўлан каби фусункор ва лаззатлидир. Кимки нафсини тийиб, эҳтиёжига ярашасини олса, баракали бўлади ва кимки очкўзлик қилиб, эҳтиёжидан ортиғини олса, бебарака бўлади. Бундай одам мечкай ҳайвон кабидир, меҳнат қиладиган қўл тиламчи қўлдан яхшидир”.
Баъзи одамлар бирданига бойиб кетса  босар тусарини билмай қолади. Ўтмишини унутади. Беш тўрт тангалик  бўлиб олиб янада фаровон ҳаётни орзулайди. Хотинни  кўпайтириб, пировардида қўша  хотинлар орасидаги мезонни эплолмай  қолади. Яна бошқалар эса бошқа аёл учун ўз хотини, фарзандларидан  воз кечишгача боради. Буларнинг асоратида болалар тирик етим  қолади. Кечаги бойвачча энди ўз  пуштикамаридан бўлган болага алимент тўлашдан бўйин товлайди. Унинг тафаккурида оила деган  муқаддас тушунча, фарзанд ва унга меҳр бериш, раҳмдил бўлиш каби хислатлар ўрнини нотавонлик эгаллайди. Уларга ибрат хусусида эса “Ал-жомиъу-с-саҳиҳ” китобида шундай дейилган:
“Аллоҳ  таоло ўз раҳматини юз бўлак қилиб яратиб, тўқсон тўққиз  бўлагини ўзида сақлаб қолди. Унинг бир бўлагини ерга нозил қилди. Оллоҳ  таолонинг ерга нозил қилган ана шу бир бўлак раҳмати туфайли бутун борлиқ  ўзаро  раҳмдиллик қилғайдир. Ҳаттоки от ҳам боласини майиб қилиб қўйишдан чўчиб, туёқларини эҳтиёткорона кўтариб боради”.
Шунингдек, Имом ал-Бухорийнинг мазкур китобида “Иш нолойиқ одамларга топширилганда, қиёмат бўлмоғини кутавер”, деган ибратли ҳадис ҳам бор. Бундан маъни шуки, ҳозирда фақатгина нафси куйида мансаб сари интилган кимсалар оқибатда коррупция ботқоғига ботиб шарманда бўлаётганлигини, бунинг натижасида ўша тизим ва соҳа  зарар кўраётганини, жамият ва халқ  манфаатларига путур етаётганлигини  кўриш мумкин.
Шундай экан, бугун аввало кўрган кунимизга, эришган ризқимизга шукр қилайлик. Ҳалоллик  ва эзгулик шиоримиз бўлсин. Зеро, ношукурлик барча балоларнинг боши эканлиги ҳақ гап.
Абдулаҳад қори ТОЖИБОЕВ,
Бўз тумани  бош имом-хатиби.

пятница, 21 сентября 2018 г.

Даҳшатли умр кечирган қиз муслима бўлди

Уни масжидда учратдим. Ғамгин ва нурсиз кўзлар. Титроқ лаблар. Танаси худди сояга ўхшайди. Ҳадеб ўзини қўлга олмоқчи бўлади, лабларини қаттиқ тишлайди, кўзёшларини тиймоқчи бўлади. Шу ҳолида у менинг кўзимга қуриётган япроққа ўхшаб кўринди.  
– Ёрдам беринг... Зулматдан чиқиб олишимга ёрдам беринг... Ортиқ чидай олмайман... Менинг кучим қолмади... Курашишга бошқа куч топа олмаяпман, келажакдан умидимни ҳам уздим...  Мен фақат менинг хатоларимни бошқа бирор киши қайтармаслигини истайман... Хато устига хато…ё Парвардигор!
Гўзаллик – даҳшатли қурол, у шуниси билан хатарлики, ҳеч керак бўлмаган пайтда портлайди – инсон ёшлигида гўзал бўлади, аммо кўп нарсадан хабари бўлмайди. унинг кўзига дунё беҳад гўзал кўринади, аммо соддалигига бориб биргина хато қилиб қўйса, кулгулари қонли кўз ёшига айланади, ҳаёти барбод бўлиш чегарасига келиб қолади... 
Суҳбатдошим гапида давом этди: “12 ёшимда мен фақат синфда эмас, мактаб бўйича энг чиройли қиз эдим... Шу боисдан атрофимда гиргиттон бўладиганлар жуда эрта пайдо бўлди. Мени ўз тенгдошларим қизиқтирмас эди. Юқори синфлардаги куёвболалар билан суҳбатлашишни ёқтирардим. Дастлабки кезларда озгина эътибор, мулойим муомала, ғамхўрлик, совғалар, гуллар... кифоя эди. Уларни кўриб мен ўзимни гўзаллик маликасидек ҳис қилар эдим. Кейин эса бошни айлантирадиган учрашувларнинг аччиқ меваларини ҳам татиб кўра бошладим. Айтадилар-ку, қаерда кириш бўлса, ўша ерда чиқиш ҳам бўлади, деб. Ўн беш ёшга тўлгунимча бир неча бор абортларни бошдан кечиришга улгурдим… Киприк қоқишга улгурмасимдан навбатдаги ҳомиладан қутулиш учун гинекология бўлимида турган бўлар эдим. Ҳатто абортларнинг сони нечта бўлганини ҳам эслай олмайман...  18 ёшимда шуларнинг барчасини маст бўлсам унутарман деб ароқ ича бошладим ва укол олишни ҳам канда қилмадим, аммо бўлмади... Даҳшатли тушлар, абортда майдалаб ташланган болалар мени ақлдан оздираёзди...  Гиёҳвандликка ўрганганимдан сўнг бу дардларим иккинчи ўринга ўтиб қолди, энди янада даҳшатли кўргуликларим бошланди: навбатдаги дозани қандай топаман... Кунлар жуда тез ўтиб борар, баъзида фақат заҳри қотил топилгунча вақт тўхтаб қолгандек бўлар эди… Энг қўрқинчлиси бир ой бурун юз берди… Маст ҳолимда рулга ўтирдим, машинам билан бир механизмга айланиб кетишни истар эдим. Жуда катта тезликда деярли пастлаб учиб бораётган эдим… Кўзимда ёш, қалбимда олов, юрагим куяди, азоб, бўм-бўшлик...  Ўтмишимни абадий ортимда қолдириб кетмоқчи эдим... Мен раҳмдиллик, самимийлик ҳукмдорлик қиладиган, поклик қадрланадиган, атрофингни гуллар ўраб олган, ҳамма жой оппоқ, чароғон, қалблар пок, инсоннинг амаллари, ҳайратлари самимий бўлган ёруғ келажакка чиқиб олишни истар эдим… Қўққисдан… Билмадим, қандай бўлди бу, қаердандир, ердан чиқдими, осмондан тушдими, йўл устида уч-тўрт ёшдаги бола пайдо бўлиб қолди… Дафъатан ҳаммаси кўз ўнгимда содир бўлди, ҳаммаси айланиб кетди, Гўёки дунёга келмасдан нобуд бўлган болаларим атрофимни ўраб олиб худди мана шу кўзлардек, ёшга тўлган кўзлар билан тикилиб туриб “тўхтанг... тўхтанг, онажон... бошқа ўлимнинг кераги йўқ...” деб шивирлаётгандек бўлди. Мен қалтирай бошладим, қўл-оёғим мавжудлигини сезмай қолдим.  Машинани қандай тормозлаганимни, машина қайси тарафга қараб оғиб кетганини, қандай қилиб ён ойнадан отилиб чиқиб кетганимни ва ўша қизчанинг оёғининг остига йиқилганимни эслай олмайман...  Кўзлари... Унинг кўзларини эслаб қолдим... Оч-кўк, шу қадар соф ва покиза кўзлар… Бир неча дақиқа олдин яксон қилиб ўтиб кетишимга салгина қолган қизгинанинг гаплари хотирамдан ўлгунимча ўчмаса керак. “...хола... холажон... ҳеч жойингиз лат емадими? Қаерингиз оғрияпти?..” Кейин ўша покиза кўзлар ғойиб бўлди... Зулмат... Зимистон... Қаҳратон... Жуда қаттиқ совуқ қотдим... Аммо ҳеч нарсани кўрмаётган, бошқа ҳеч нарсани ҳис қилмаётган эдим. Хаёлимга шундай ўй келди: “Бўлди... ҳаммаси тугади... ўлим ана шундай қилиб келса керак...”  Тўсатдан зулмат ортидан чақмоқ чаққандек қоронғулик бағридан ОВОЗ тарқалди... Даҳшатли, қўрқинчли ОВОЗ... “Имонсизларга раҳми келган диндорлар азоб-уқубатни енгиллатишни сўради, Ҳеч ким Аллоҳ таоло тайин қилган жазони тўхтата олмайди, Чунки у оламларнинг Раббисидир...” Ҳушимга келиб кўзимни очганимда оппоқ шифтни, оппоқ деворларни, оппоқ чойшабларни ва деразадан тушиб турган чароғон қуёш нурини кўрдим...  Мен шифохонада ётган эдим... Бўғзимга бир нарса тиқилиб, кўз ёшларим юзимни юва  бошлади... Ниҳоят мен носоғлом ҳаёт кечирганимга, жоҳилликда яшаганимга қалбан иқрор бўлганимни англаб етдим. Дунёда энг ёмон нарса жоҳиллик, гуноҳлар зулматида ҳаёт кечирмоқ ва ёвузликдир... Мен ўзгаришни истайман... Мен ислом динига кириб Буюк Яратувчидан Унинг ўзи яратган шариат йўлидан оғишмасдан яшашимга яна бир бор имкон беришини сўрамоқчиман. Ёрдам беринг... Менинг зулматдан чиқиб олишимга ёрдам беринг...”
Унинг кўз ёшлари жала бўлди... Уввос солиб, наъра тортди...
Аёнки, инсон тўғри жавобни жуда кам ҳолда биринчи ҳаракатидаёқ  топади, чунки тўғри жавоб – танланган, донишманд кишиларга хос бўлиб билиш жараёни ҳар доим синовлар ва хатолар билан кечади. Ёдда тутайлик: бу дунёда омонатмиз, вақти етиб ҳамма йиққан-терганларимизни қолдириб кетамиз. Лекин ана шу олиб кета олмаган нарсаларимизнинг, ўтказган кунларимизнинг, қилган яхши-ёмон ишларимизнинг бирма-бир ҳисобини берамиз. Фақат Аллоҳнинг ҳузурига эзгу амалларимизни олиб борамиз. Шундай экан, ҳаракатларимизни самимий ихлос ила Ҳақ йўлида қилайлик, ўзингизни эҳтиёт қилинг! Барчамизни Аллоҳ таоло Ўз паноҳида асрасин!
Гулноз СОБИТОВА
Русчадан Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди

суббота, 15 сентября 2018 г.

Ер ва Ой ўртасидаги масофа

           Аллоҳ таоло бу борлиқни аниқ ўлчов ва ўта нозик низом билан яратган. Сайёрамиз билан боғлиқ ҳар бир масофалар ва оғирликлар бизнинг Ер юзидаги ҳаётимизга муносибдир.
Олимлар Ер сайёраси ва Ойни ўрганганларида, уларнинг бир-биридан узоқлиги ақлни лол қолдирадиган даражада нозик ва аниқ қилиб белгилаб қўйилганини, ҳеч қандай тасодифнинг асари йўқлигини англаб етдилар.
Ернинг диаметри аниқ ўлчовли бўлиб, яшашимизга, Ерни доира шаклида эмас, балки ёйилган шаклда кўришимизга мосдир.
Ернинг диаметри 12742 километр бўлиб, бу миқдор биз Ернинг устида юрганимизда унинг доирасимонлиги кўзимизга сезилмаслигига хизмат қилади.
Ойнинг диаметри эса 3474 километр бўлиб, бу миқдор Ойнинг сиртида юрганимизда уни ёйиқ ҳолда кўришимиз билан бирга доирасимонлиги ҳам сезилиб туради.
Ернинг зичлиги Ойнинг зичлигидан 81 марта кучли бўлиб, бу зичлик Ойни тортиб туриш ва Ой Қуёшнинг йўлдошига айланиб қолмаслиги учун керакдир. Агар шундай бўлмаса, Ой Ернинг тортишиш майдонидан узоқлашиб, зичлиги оғирроқ бошқа сайёра тарафга бориб, унинг йўлдошига айланиб қолган бўларди.
Ер билан Ой орасидаги ўртача масофа 384000 километр бўлиб, бу масофа ой давомида ўзгариб туради. Бу масофа Ойнинг Ер яқинида қолишига, қоронғу кечаларимизни ёритишига ва Ердаги Ой билан боғлиқ жараёнларнинг тартибли кечишига сабаб бўлади.
Агар Ой Ерга ҳозиргидан кўра яқинроқ бўлганда, Ерда даҳшатли фалокатлар, сув тошқинлари содир бўлган бўларди. Агар Ой Ердан узоқроқ
“Қуёш ва ой ҳисобдадир” (Роҳман сураси, 5-оят).
Яъни улар аниқ ҳисоб билан яратилган, асло бўлганида, биздан узоқлашиб, сўнган юлдуз каби кўздан ғойиб бўларди.
Ер ва Ой орасидаги масофалар ва улардаги зичликнинг шу миқдорда бўлиши Ердаги ҳаётнинг давом этиши учун зарур ва муносибдир.
Ер ва Ой ҳақидаги бу фикрлардан кейин уларнинг тасодифан пайдо бўлиб қолмаганини, тасодифан бир-биридан шу узоқликда жойлашмаганини билиб оламиз. Барча-барчаси – орадаги масофа миқдори ҳам, улардаги зичлик миқдори ҳам Аллоҳ таолонинг тақдири, ўлчови билан бўлган. Роббимиз азза ва жалла Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

 الشَّمْسُ وَالْقَمَرُ بِحُسْبَانٍ

тасодифий пайдо бўлиб қолмаган.


Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржима қилди

Охирини ўйлаган мўмин бўлади

Дунё дунё бўлганидан буён ҳар нарсанинг охири айрилиқ эканига боқ.
Бу жаҳонга келгандан кейин кетмаганни ким кўрибди?
Кексалар суҳбатидан (“Hidoyat” журнали)
* * *
Жамоат транспортида кетяпсиз. Тиқилинч. Йўловчилардан бири уловдан тушиш учун ҳаммани туртиб-суртиб олдинга интилади. Қўлингиздан келганча унга осон бўлсин деб ҳаракат қиласиз. Шунга қарамай, у тушиш олдидан заҳрини сизга сочади: “Сал сурилсангиз бўлмайдими?!”
Шундай пайтда нима қиламиз? Хотиржам, мақола ўқиб ўтирганимизда мийиғимизда кулиб қўя қоламиз. Чунки ичида бўлмай туриб ҳолатга аниқ баҳо бериш осон эмас. Лекин ўша жойда йўловчи заҳрини сочган одам биз бўлсак-чи? Табиий, ўрнида жавоб қайтарамиз, “ҳақимиз”ни едирмаймиз. Чунки айбсиз ҳолда, индамайгина кетиш жуда қийин.
Бу ҳол эса мўмин бўлиш осон эмаслигининг бир далилидир. Мўмин ҳам одам, унинг ҳам ғазаби, иззат-нафси, оғриқлари, дарду аламлари бор. Унинг ҳам озор чеккан пайтида бошқалардек бақириб-чақиргиси, жаҳл қилгиси, аламини нималардандир олгиси келади. Бироқ ҳар қандай ҳолатда охирини ўйлайди, бу ишидан дунёсидан ҳам кўра, охиратига етадиган зиённи ҳисобга олиб, ўзини босади...
Руҳиятшунос асабийлашган пайтда бошқаларга жаҳл қилишдан сақланиш учун кимсасиз жойда буюмларни уриб-синдириш, ҳеч бўлмаса, қоғоз парчалаш ёрдам бериши мумкинлигини айтади. Яна кимдир ранжитган одамнинг расмини қўйиб, нишон ўрнида фойдаланишни тавсия қилади. Мўмин эса қарайди – бирор буюмни синдириш исроф, суратни нишонга олиш ҳам ярашадиган иш эмас. Энг зарарсизи – қоғоз парчалашни танлайди, бироқ бундан ҳам бирор натижа чиқмаслигини англайди. Яна ҳар галги амали – сабр ва намоз билан Аллоҳдан ёрдам сўраш учун тиз чўкади...
* * *
Бир кун ҳамма нарса тугайди, умримиз ҳам. Охират сафарида ёнимизда амалларимиздан бошқа нарса бўлмайди. Ибодатларимиз қай аҳволда? Бандалик бурчларимизни, масъулиятларимизни қандай бажаряпмиз?
Мўмин бу саволларни бериб, ўзидан ҳисоб сўрайдиган, ҳар бир иши, айтар сўзининг натижасини, охирини ўйлайдиган, амалларида ихлосли, Аллоҳ таолодан қўрқиб, умидини ҳам йўқотмаган ҳолда ибодат ва ҳаракатларига нозик ёндашган кишидир.
Мўмин одам Аллоҳ таолонинг ризосига эришиш мақсадида У Зотга холис, самимий итоат қилади.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтдилар: “Мен сизлар учун энг қўрқадиган нарса кичик ширкдир”. Асҳоби киром сўради: “Ё Расулуллоҳ, кичик ширк нима?” “У риёдир”, дедилар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Кейин бундай давом этдилар: “Аллоҳ таоло қиёмат куни ҳаммани амаллари учун ҳисобга тортганида: “Боринглар, риё қилган кишиларингиз олдига, қаранглар-чи, уларнинг ҳузурида бирор мукофот топармикансиз?” дейди» (Имом Аҳмад ривояти).
Ҳар зарранинг ҳисоби қилина­диган улуғ кунда ҳеч банда амаллари зое бўлишини истамайди. Нафсоний алданиш кишини кўр ва кар қилади. Хўжакўрсинга ўқилган намоз, одамлар сахий дейишларини хоҳлаб, берилган садақа, бирор манфаат, кимгадир ёқиш учун қилинган яхшилик, адолат кабилар нафсни озиқлантиришдан бошқа нарса эмас.
* * *
“Охирини ўйлаган қаҳрамон бўлолмайди”, дейилади бир фильмда. Балки охирини ўйлаган қаҳрамон бўлмас, аммо мўмин бўлади. Зеро, мўминликнинг ўзи қаҳрамонликдир. Фикримиз исботи учун унга ҳақсизлик қилишганида жаҳлини ичига ютиб, сукут сақлай олишини ва Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) “Одамлар енголмаган киши эмас, ғазабланганида ўзини боса олган киши ҳақиқий паҳлавондир” (Имом Бухорий ривояти), ҳадиси шарифларини эсласак, кифоя.
Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи

среда, 12 сентября 2018 г.

Қайтар дунё

           Тунов куни бир муштипар онахон билан суҳбатлашдим. Унинг ҳазин овози ҳали ҳам қулоғимда жаранглаб турибди. Онахон мана бу сўзларни гапириб берди: “Ҳаётимда энг катта хатойим, қулоқсизлигим бўлган. Ота-онам ва қариндошларимнинг сўзларига кирмаганман. Онажонимни унчалик ҳам қадрламасдим. Ёшларга ибрат бўлар деган ўйда ҳаётимни сўзлаб берсам, ўзим ҳам енгил тортардим, она қизим. Ота-онам туғилишимни 10 йил кутишган (йиғлайди). Туғилдим, муҳтожлик кўрмай улғайдим. Отам раҳматли олий маълумотли қилдилар. Сўнгра ўзимизнинг қариндошимизга узатмоқчи бўлишди. Мен эса бирга ўқиган курсдошимга кўнгил қўйдим. Ўртамизда аҳду паймон бор эди. Улар вилоятлик бўлгани учун уйдагиларим тўйимга розилик билдиришмади. Шундай бўлса-да, ота-онамни розилигисиз у йигитга турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғим жуда ажойиб инсон эди. Йигирма бир йил бўлди, оламдан ўтганига.
Кунлар ўтди, йиллар ўтди. Мен ҳам фарзанд кўрмадим. Онамга тортдим шекилли 10 йилдан сўнг фарзанд кўрсам керак, деб кута бошладим. Аммо 12 йилда ҳам фарзандли бўлмадим, сўнгра болалар уйидан бир ойлик қизчани боқиб олдик. Ўстирдик, уни катта олима қилдик. Аммо бир марта бўлса ҳам меҳр кўрмадим. Отаси вафот этгандан сўнг қизим бошқа-бошқа яшайлик, менга уй олиб беринг, деб талаб қила бошлади. отасидан қолган машинани сотиб, ёнига пул қўшиб уй олиб бердим. Мана шу ёшгача у ҳам ёлғиз, мен ҳам ёлғиз яшаймиз. Ёлғиз уй мени ютиб юбораётгандек баъзида. Ўша асраб олган қизимдан бўлак ҳеч кимим йўқ. Кўзим яхши кўрмайди, оёқларим эса юришни истамайди. Қизимдан ҳар зарда ва меҳрсизлик кўрганимда онажонимни эслайман. Менинг шундай муомаламдан онам ҳам қаттиқ азият чеккан эканлар-да... Йиғлайман, йиғлайман. Аммо фойдаси йўқ. Отам ҳам онам ҳам ёнимда йўқ. Агар бўлсайди... тиз чўкиб, минг бор кечирим сўрардим. Агар гапларига кирганимда, ҳозир сўппайиб ёлғиз бўлиб ўтирмасмидим...?! Қилган яхши ва ёмон амалларимиз қайтмасдан қиёмат бўлмайди, деб эшитганман, аммо айнан ўзидай қайтишини билмаган эдим. Ота-онасига мен каби хатокорлар бўлса, қайтинглар. Катта бахтсизликлар ҳаммаси биз кичкина деб ўйлаган хатоларимизда яширинган экан. Ғафлатимиз сабаб ўзимиз кўп неъматларни қўлдан бой берамиз. Ҳеч бир гуноҳ ё хатога беписанд қарамаслик керак. Ўлгунингча, албатта, тўлови бўларкан. Шу ёшимда бўлса ҳам хатоларимни англатган, Раббимга беҳисоб шукрлар бўлсин”.                    
Хуморбегим

Албатда укинг!!!

“Эҳтимол, сизлар ёқтирмаган нарса (аслида) ўзларингиз учун яхши, ёқтирган нарсаларингиз эса (аслида) ёмондир. Аллоҳ билур, сизлар эса билмассизлар” (Бақара, 216).

Хадича юриб эмас, учиб борар, елкаларида қанот пайдо бўлгандек эди гўё... Ахир, бу хушхабарни ўн йил кутди! Шифохона зиналаридан енгил-енгил тушиб бораркан, янгиликни ҳаммага етказишга ошиқар, барчага бирдек табассум қилар эди. Бу хабарни эшитгач, Хадичанинг ҳаяжони турмуш ўртоғига кўчди. Онасига, яқинларига қўнғироқ қилиб, суюнчилаётган Муроднинг ҳаракатларини аёл севинч кўзёшлари билан кузатарди.

– Сизларни хафа қилишни истамайман, лекин ҳақиқатни айтмасам ҳам бўлмайди. Боланинг миясида нуқсон бор, ногирон, ақли заиф бўлиб туғилади. Ҳомила уч ойлик бўлган, истасангиз, ҳозироқ аборт қиламиз. Ўйлаб кўрайлик десангиз, бир ҳафта муҳлат...

Шифокорнинг гаплари бир лаҳзада севинчларини саробга айлантирди. Бундан хабар топган қариндошлари, яқинларининг маслаҳати деярли бир хил эди: бир умр қийналгандан кўра, олдириб юбораверган яхши.

Орадан бир ҳафта ўтди. Ниҳоят Мурод:

– Менимча, болани олдирганинг маъқул, – деди. – Аллоҳ истаса, яна бераверади.

– Боламизни ўз қўлимиз билан ўлдирамизми? Йўқ, мен бу гўдакни Аллоҳдан неча йиллар ёлвориб сўрадим. Мана, берди...

– Менга соғлом бола керак, – аёлининг гапини бўлди Мурод, – ақли заиф бола эмас!

– Аллоҳнинг берганига рози эмасмисиз? – дея қаршилик билдирди кўзларида ёш билан Хадича. – Балки биз учун шу гўдакда яхшилик бордир...

Ўша кеча аёл тонггача йиғлаб чиқди, Аллоҳга ёлвориб, дуо қилди: “Парвардигорим, нажот ҳам, умид ҳам ёлғиз Ўзингдан”.

“Агар болани олдирмасанг, ажралишга мажбурмиз”. Эрининг эрталаб айтган бу сўзларидан кейин Хадича ота уйига кетди. Онаси куёвининг ҳақлигини айтиб, қизини койиди. Фақат нуроний бувижониси унга тасалли берди: “Аллоҳ таоло ҳеч кимга тоқатидан ортиғини юкламайди. Демак, кўтаришга қодирсанки, бу синовни сенга берди. Сабр қил, қизим, сабр...”

Хадича аввал шифокорга, кейин эрига қўнғироқ қилди: “Болани туғишга қарор қилдим. Қадаримга розиман!”

Шундоқ ҳам виждонига эмас, одамларнинг гапига қулоқ солгани учун пушаймон бўлиб турган Мурод аёлига бир даста қизил гул юборди. Гулдастага мўъжазгина хатни илова қилди: “Мен ҳам қадаримга розиман!”

...Эр-хотин уйга бирга қайтишди. Умид ва қўрқувлар ичида олти ой ҳам ўтиб, кутилган муддат етиб келди. Мурод учун тўрт соат тўрт йилдек чўзилди гўё. Ниҳоят туғруқ залидан эшитилган чақалоқ йиғиси йўлакни тутди. Мурод ҳаяжон ичра чўккалаб, қўлларини дуога очди:

– Аллоҳим, севгисини ҳам, сабрини ҳам бирга бер!

Ҳамширанинг овози узоқ-узоқлардан эшитилгандек бўлди:

– Суюнчи беринг, ўғилли бўлдингиз!

Мурод мурғак вужудни қучоғига олиб, ҳидлаб ўпди.

– Хуш келибсан, болам! – деркан, кўнглида иссиқ меҳр туйди...

Эртасига чақалоқнинг таҳлил натижаларини кутиб ўтирган ота-она шифокорнинг гапларидан ҳайратда қолишди:

– Сизларга яхши хабар, болангиз соғлом, ҳеч бир аъзосида нуқсон йўқ!

Хадичанинг дилидан тилига бир нидо кўчди: “Ўзингга шукур!” Шу асно Мурод кўзларида ёш билан аёлига қаради:

– Агар сендаги имон қуввати ва қатъият бўлмаганда эди, ҳозир ўз боламнинг қотили бўлардим. Аллоҳ мени кечирсин, сен ҳам кечир!

Башорат Тўхтасин қизи тайёрлади

пятница, 7 сентября 2018 г.

Imom Ismoil al-Buxoriy



Abu Abdulloh Muhammad ibn Ismoil al-Buxoriy

Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (194-256/810-870) раҳматуллоҳи алайҳи улуғ ватандошимиз, муҳаддислар амири ва исломнинг энг буюк уламоларидан бири ҳисобланади. У зот башарият томонидан битилган энг тўғри, энг саҳиҳ ҳадислар тўпламининг муаллифидирлар. Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ аҳли суннат ва жамоатнинг энг кўзга кўринган олими сифатида ўз ақидавий қарашларини ҳам баён қилиб кетганлар. Унинг эътиқодий фикрлари ва бу эътиқодга далил бўлган маълумотларни кейинги авлод кўз қорачиғидек сақлаб ва уларга бекаму кўст амал қилиб келади. Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўз ақидаларини баён қилар эканлар, унга жами устозлари, бутун ислом оламидаги энг таниқли уламолар қўшилганлигини, ҳамфикр эканлигини айтиб, ўша уламоларнинг муборак номларини бирма-бир зикр қилиб чиққанлар. Бу эса Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг эътиқоди нақадар тўғри эканини, бизлар ҳам ушбу ақидада ҳаёт кечирмоғимиз лозимлигини билдиради. Бу эса аҳли суннат ва жамоатнинг энг устувор ақоиди эканини таъкидлашимиз керак.
Имом ал-Бухорийнинг отаси Исмоил, унинг куняси Абул-Ҳасан бўлиб, ўз даврининг етук муҳаддисларидан саналиб, имом Моликнинг шогирд ва ашобларидан бири бўлиб, тижорат ишлари билан ҳам шуғулланган. Афсуски ҳозирча унинг қаламига мансуб бирор асар ҳақида аниқ маълумотга эга эмасмиз. Бироқ уни Ҳамад ибн Зайд, имом Молик, Абу Муовия каби ўз даврининг йирик муҳаддисларидан ҳадислар ривоят қилгани, Абдуллоҳ ибн ал-Муборакнинг суҳбатида бўлиб, ундан таълим олгани ҳақидаги хабарлар манбаларда келтирилади. Унинг шогирдларидан ироқлик бир қанча олимлар Аҳмад ибн Ҳафс, Наср ибн Ҳусайн ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Имом ал-Бухорий "ат-Таърих ал-Кабир" ("Катта таърих") асарида отасининг таржимаи ҳоли ҳақида талай маълумотлар келтиради. Тарихчи ал-Ҳофиз ибн Ҳиббон ўзининг "Китоб ас-Сиққот" ("Буюк инсонлар ҳақида китоб") номли асарида Исмоил ибн Иброҳим яъни ал-Бухорийнинг отаси, Ҳамад ибн Зайд ва Моликдан ҳадислар ривоят қилган, ундан эса ироқлик олимар ҳадислар ривоят қилганлар",-деб таъкидлайди.
Имом ал-Бухорий азалдан илм фан ва маданият равнақида машҳур бўлган Бухоро шаҳрида таваллуд топган. Кўплаб муарриҳларнинг гувоҳлик беришларича, Бухоро азалдан Мовароуннаҳрнинг энг қадимий ва гўзал шаҳарларидан бири бўлган. Манбаларда зикр қилинишича, шаҳарнинг ўраб турган деворлари ўттиз олти миллга чўзилган. Шаҳарнинг обод ва кўркамлиги, унинг беназир гўзаллигихусусида Манбаларда зикр қилинишича, шаҳарнинг ўраб турган деворлари ўттиз олти миллга чўзилган. Шаҳарнинг обод ва кўркамлиги, унинг беназир гўзаллиги хусусида кўплаб шоирлар ва фозиллар ўзларининг насрий ва назмий асарларида алоҳида эҳтирос билан тараннум этганлар.
Мана шу муҳташам шаҳар-Бухорои шарифда 194 ҳижрий сана шаввол ойининг 13 кунида салотул жумъадан кейин (810 мелодий сана 21 июл) жамийъ муҳаддисларнинг имоми, ҳадис илмининг султони (амирул мўмъинийн фил ҳадис), саййидул фуқаҳо каби улуғ лақабларга муяссар бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларига дурдонасимон сайқал бериб, уларни абадул-абад барҳаёт қилган улуғ зот имом ал-Бухорий дунёга келган. Буюк шоир ва мутафаккир Абдурраҳмон Жомий буюк муҳаддиснинг илмий салоҳиятига юксак баҳо бериб: Батха (Макка) ва Ясриб (Мадина)да ясалган танганинг Бухорода сайқали камолига етди"-деб ёзган эди. Ўрта асрларда туғилган олимлар таваллуд этган ойлар, кунлар тугул манбаларда хатто кўпинча йилларида ҳам аниқ бир сана бўлмай, хилма-хил йиллар кўрсатилган ҳоллари кўп учрайди. Имом ал-Бухорийнинг туғилган вақти (куни, ойи, йили)нинг аниқ келтирилишининг боиси шундаки, унинг ўзини ёзишича, у туғилган вақт ҳақида отаси қўли билан ёзиб қўйган варақ, унга замондош олимларга етиб келган.
Имом ал-Бухорий ёшлигидаёқ отаси вафот этиб, унинг тарбияси фақат волидаси кафолатида бўлган. Бирмунча улғайиб ақли расо бўлгач, унинг қалбида исломий илмларга, айниқса, Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларини ўрганишга ва ёдлашга мойиллик тобора кучая бориб, у даставвал Ибн ал-Муборак ва Вакийънинг ҳадисларга оид асарларини ёд олади.

Имом ал-Бухорийнинг котиби, унинг асосий таснифи "Саҳиҳ" асари ровийларидан бири Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотам ал-Варроқ шундай деб ёзади: "Ал-Бухорийнинг: "Ҳадисларни ёд олиш илҳоми менга бошланғич мактабда ўқиётганимда келган эди"-деб айтганини эшитганимда: "Ўшанда неча ёшда эдингиз"?-деб сўрадим: у "Ўн ёшда балким ундан ҳам кичик эдим", - деб жавоб берганди. Бу мисолдан кўриниб турибдики, имом ал-Бухорий жуда ёшлигидан бошлаб ҳадисларни ёд олиб, бу илмга алоҳида завқ-шавқ ва қизиқиш билан қараган.
Имом ал-Бухорий ғоятда беғубор, ҳалол-покиза, диёнатли инсон бўлиб, ғийбату-ноҳақликлардан узоқ бир киши эди. У доимо "Ғийбат қилишлик ҳаром эканини билганимдан бошлаб, ҳеч қачон бирор киши ҳақида ғийбат гапирмаганман",-деб таъкидларди.

Мен бугун Имом ал-Бухорий хаёти хакида кискача ёритиб бердим, аслида Имом ал-Бухорий хаёти жудда катта тарихга бой. Мен сизларга Имом ал-Бухорий зиёратгохини зиёрат килгани борганимдаги айрим холатларни яъни Имом ал-Бухорий хаётидан кискача бўлса хам ёзиб олган видеойимни жойлейман. Бу видеода имом ал-Бухорийнинг кискача хаёти ёритилган ва ўта тасирли хамда мўжизаларга бой.

среда, 5 сентября 2018 г.

Тафаккур қилайлик!

     Аллоҳ таолонинг яратган махлуқлари ҳақида тафаккур қилиш иймон нури зиёда бўлишига сабаб бўлади. Қуёш, Ой, юлдузлар, сайёралар, сув, тоғ, ҳаво, ўсимликлар, ҳайвонлар ва бошқа махлуқотлар тўғрисида фикр юритиш, Аллоҳ таоло уларнинг барчасини ҳикмат билан яратганини ўйлаш кишининг иймон нури зиёда бўлишига сабабдир. Ана шундай тафаккурга ундовчи нарсалардан бири осмон жисми бўлган туманликлардир. Туманликлар — юлдуз тўдалари ёки бутун юлдуз системалари (галактикалар)дан, шунингдек, газ ва чангдан ташкил топган булутлардир. Туманликлар ҳақида янада аниқроқ тасаввурга эга бўлиш учун битта туманликни кўриб чиқсак.

Ушбу суратда «Чумоли» номли туманлик акс этган бўлиб, у сайёралар туманлиги ҳисобланади. Бу туманлик Қуёш тизимидан 8 минг ёруғлик йили узоқликда жойлашган. (Маълумки, ёруғлик бир сонияда 300 минг километр масофа босади. Ёруғлик йили дейилганда, шу ёруғликнинг бир йил давомида босиб ўтган масофаси тушунилади). Ушбу туманлик кўринишидан чумолининг боши ва белига ўхшаб кетгани учун унга «Чумоли» номи берилган. 

Яна бир жиҳати шундаки, ушбу туманлик сониясига 50 километрга яқин тезликда кенгайиб бормоқда.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

«Осмонни Ўз қудратимиз ила бино қилдик. Албатта, Биз кенг қилувчимиз».

(Зарият сураси, 47-оят).

Аллоҳ таоло барчамизга яратган махлуқотлари ҳақида тўғри тафаккур қилиб, иймонимиз нури зиёда бўлишини насиб этсин!

вторник, 4 сентября 2018 г.

Қайтар дунё (ибратли ҳикоя)


          Қадим замонда донишмандлиги билан юксак обрў-эътибор қозонган киши бор эди. У барчага меҳрибон, тўғри йўл кўрсатувчи, ҳамдард ва ҳамсуҳбат эди.
Бир куни донишманднинг ҳузурига сув сотувчи ғамгин ҳолда келди. Унинг маҳзунлигини кўрган донишманд:
– Болам, бирор мусибатинг борми? – деб сўради.
– Йўқ, ...аммо... қандай айтишни билмай турибман – деб жавоб берди сув сотувчи.
– Гапиравер, уялма, дардингни айт, – деди донишманд куйиниб.
– Кечирасиз, деб гап бошлади сотувчи минг хижолат ила. Сизнинг фарзандингиз бугун олтинчи мешимни жуволдиз (бигиз) билан тешди. Биласиз, фақир одамман, нима қилишни билмай қолдим. Янгисини олишга пулим ҳам қолмади.
Донишманд:
– Хафа бўлма, болам, бир чорасини топаман. Ҳозирча мана бу пулни олиб, бошқа меш сотиб ол, – деди.
Ота “нега фарзандим бундай ишга қўл урди?” деган саволнинг жавобини ўйлаб ўйига ета олмади. Шундан сўнг, аёлига бўлган воқеани айтиб:
– Қандай қилиб ўғлимиз бу хунук ишга қўл урди. Хатоимни ҳеч ўйлаб топа олмадим. Сен ҳам яхшилаб ўйлаб кўр, – деди.
Орадан бироз вақт ўтиб, аёли:
– Эсимга тушди, – деди ҳаяжонланиб. Ўғлимизга ҳомиладор бўлганимда меҳмонга борган эдим. Дастурхондаги апелсинга кўзим тушиб, жуда ҳам егим келди. Бироқ дастурхонга қўл узатишга тортиндим. Катта ёшдаги қария онахонларнинг: “Ҳомиладор аёлнинг кўнгли бирор нарсани тусаганда ундан тотиб кўрмаса, туғилажак фарзандига салбий таъсир кўрсатади”, дейишгани ёдимга тушди. Боламизга путур етишидан қўрқиб, мезбондан сув сўрадим. Сув олиб келишга чиқиб кетганида, ёқамдаги тўғноғични олиб, апелсинга тиқиб яладим.
Донишманд:
– Тез бориб уй эгасидан узр сўра, – деди.
– Уларга нима дейман? Шу арзимаган иш учун ҳам узр сўраш шартми? – деди аёли эътироз билдириб.
– Хонадан аҳлидан розилик сўра. Фарзандимиз олти ёшга тўлди. Ўша воқеадан олти йил ўтиб, тўғноғичинг ўғлимиз қўлида бигиз бўлди. Сенинг қилган ишинг давом этмоқда. Кейин кеч бўлмасин, – деди донишманд.                                                                     
                                                                                                                 Ўрол ТУРОБОВ