Показаны сообщения с ярлыком Қайтар дунё. Показать все сообщения
Показаны сообщения с ярлыком Қайтар дунё. Показать все сообщения

среда, 12 сентября 2018 г.

Қайтар дунё

           Тунов куни бир муштипар онахон билан суҳбатлашдим. Унинг ҳазин овози ҳали ҳам қулоғимда жаранглаб турибди. Онахон мана бу сўзларни гапириб берди: “Ҳаётимда энг катта хатойим, қулоқсизлигим бўлган. Ота-онам ва қариндошларимнинг сўзларига кирмаганман. Онажонимни унчалик ҳам қадрламасдим. Ёшларга ибрат бўлар деган ўйда ҳаётимни сўзлаб берсам, ўзим ҳам енгил тортардим, она қизим. Ота-онам туғилишимни 10 йил кутишган (йиғлайди). Туғилдим, муҳтожлик кўрмай улғайдим. Отам раҳматли олий маълумотли қилдилар. Сўнгра ўзимизнинг қариндошимизга узатмоқчи бўлишди. Мен эса бирга ўқиган курсдошимга кўнгил қўйдим. Ўртамизда аҳду паймон бор эди. Улар вилоятлик бўлгани учун уйдагиларим тўйимга розилик билдиришмади. Шундай бўлса-да, ота-онамни розилигисиз у йигитга турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғим жуда ажойиб инсон эди. Йигирма бир йил бўлди, оламдан ўтганига.
Кунлар ўтди, йиллар ўтди. Мен ҳам фарзанд кўрмадим. Онамга тортдим шекилли 10 йилдан сўнг фарзанд кўрсам керак, деб кута бошладим. Аммо 12 йилда ҳам фарзандли бўлмадим, сўнгра болалар уйидан бир ойлик қизчани боқиб олдик. Ўстирдик, уни катта олима қилдик. Аммо бир марта бўлса ҳам меҳр кўрмадим. Отаси вафот этгандан сўнг қизим бошқа-бошқа яшайлик, менга уй олиб беринг, деб талаб қила бошлади. отасидан қолган машинани сотиб, ёнига пул қўшиб уй олиб бердим. Мана шу ёшгача у ҳам ёлғиз, мен ҳам ёлғиз яшаймиз. Ёлғиз уй мени ютиб юбораётгандек баъзида. Ўша асраб олган қизимдан бўлак ҳеч кимим йўқ. Кўзим яхши кўрмайди, оёқларим эса юришни истамайди. Қизимдан ҳар зарда ва меҳрсизлик кўрганимда онажонимни эслайман. Менинг шундай муомаламдан онам ҳам қаттиқ азият чеккан эканлар-да... Йиғлайман, йиғлайман. Аммо фойдаси йўқ. Отам ҳам онам ҳам ёнимда йўқ. Агар бўлсайди... тиз чўкиб, минг бор кечирим сўрардим. Агар гапларига кирганимда, ҳозир сўппайиб ёлғиз бўлиб ўтирмасмидим...?! Қилган яхши ва ёмон амалларимиз қайтмасдан қиёмат бўлмайди, деб эшитганман, аммо айнан ўзидай қайтишини билмаган эдим. Ота-онасига мен каби хатокорлар бўлса, қайтинглар. Катта бахтсизликлар ҳаммаси биз кичкина деб ўйлаган хатоларимизда яширинган экан. Ғафлатимиз сабаб ўзимиз кўп неъматларни қўлдан бой берамиз. Ҳеч бир гуноҳ ё хатога беписанд қарамаслик керак. Ўлгунингча, албатта, тўлови бўларкан. Шу ёшимда бўлса ҳам хатоларимни англатган, Раббимга беҳисоб шукрлар бўлсин”.                    
Хуморбегим

вторник, 4 сентября 2018 г.

Қайтар дунё (ибратли ҳикоя)


          Қадим замонда донишмандлиги билан юксак обрў-эътибор қозонган киши бор эди. У барчага меҳрибон, тўғри йўл кўрсатувчи, ҳамдард ва ҳамсуҳбат эди.
Бир куни донишманднинг ҳузурига сув сотувчи ғамгин ҳолда келди. Унинг маҳзунлигини кўрган донишманд:
– Болам, бирор мусибатинг борми? – деб сўради.
– Йўқ, ...аммо... қандай айтишни билмай турибман – деб жавоб берди сув сотувчи.
– Гапиравер, уялма, дардингни айт, – деди донишманд куйиниб.
– Кечирасиз, деб гап бошлади сотувчи минг хижолат ила. Сизнинг фарзандингиз бугун олтинчи мешимни жуволдиз (бигиз) билан тешди. Биласиз, фақир одамман, нима қилишни билмай қолдим. Янгисини олишга пулим ҳам қолмади.
Донишманд:
– Хафа бўлма, болам, бир чорасини топаман. Ҳозирча мана бу пулни олиб, бошқа меш сотиб ол, – деди.
Ота “нега фарзандим бундай ишга қўл урди?” деган саволнинг жавобини ўйлаб ўйига ета олмади. Шундан сўнг, аёлига бўлган воқеани айтиб:
– Қандай қилиб ўғлимиз бу хунук ишга қўл урди. Хатоимни ҳеч ўйлаб топа олмадим. Сен ҳам яхшилаб ўйлаб кўр, – деди.
Орадан бироз вақт ўтиб, аёли:
– Эсимга тушди, – деди ҳаяжонланиб. Ўғлимизга ҳомиладор бўлганимда меҳмонга борган эдим. Дастурхондаги апелсинга кўзим тушиб, жуда ҳам егим келди. Бироқ дастурхонга қўл узатишга тортиндим. Катта ёшдаги қария онахонларнинг: “Ҳомиладор аёлнинг кўнгли бирор нарсани тусаганда ундан тотиб кўрмаса, туғилажак фарзандига салбий таъсир кўрсатади”, дейишгани ёдимга тушди. Боламизга путур етишидан қўрқиб, мезбондан сув сўрадим. Сув олиб келишга чиқиб кетганида, ёқамдаги тўғноғични олиб, апелсинга тиқиб яладим.
Донишманд:
– Тез бориб уй эгасидан узр сўра, – деди.
– Уларга нима дейман? Шу арзимаган иш учун ҳам узр сўраш шартми? – деди аёли эътироз билдириб.
– Хонадан аҳлидан розилик сўра. Фарзандимиз олти ёшга тўлди. Ўша воқеадан олти йил ўтиб, тўғноғичинг ўғлимиз қўлида бигиз бўлди. Сенинг қилган ишинг давом этмоқда. Кейин кеч бўлмасин, – деди донишманд.                                                                     
                                                                                                                 Ўрол ТУРОБОВ