понедельник, 25 февраля 2019 г.

ҲАЁ – ИМОНДАН

بسم الله الرحمن الرحيم
ҲАЁ – ИМОНДАН
الحَمْدُ للهِ الذِي جَعَلَ العِفَّةَ وَالحَيَاءَ صِفَةَ الأَتْقِيَاءِ وَالْمُرْسَلِينَ، وَسِمَةَ الأَصفِيَاءِ المُكْرَمِينَ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الذِي وَعَدَ المُتَعَفِّفَ أَنْ يَكُونَ فِي كَنَفِ اللهِ وَحِمَايَتِهِ، وعَدَّ الحَيَاءَ شُعْبَةً مِنْ شُعَبِ الإِيمَانِوَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِينَ
Муҳтарам жамоат! Маълумки, Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган энг буюк ва қимматли нарса имон неъматидир. Ҳар бир мўъмин-мусулмон инсон бу неъматни умрининг охиригача  саломат сақлаб, эсон-омон бу фоний дунёдан ўтиб олиши энг катта бахт ҳисобланади. Шундай экан, ҳар бир инсон доимо имони бақувват бўлиши учун сабаб бўладиган барча хайрли амалларда бардавом бўлиши керак бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам имонни қувватли бўлишига сабаб бўладиган омиллар ҳақида тўхталиб шундай марҳамат қилганлар:  
الْإِيمَانُ بِضْعٌ وَسَبْعُونَ شُعْبَةً، فَأَفْضَلُهَا قَوْلُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَأَدْنَاهَا إِمَاطَةُ الْأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ، وَالْحَيَاءُ شُعْبَةٌ مِنَ الْإِيمَانِ
(رَوَاهُ الْإِمَامُ مُسْلِمٌ)
яъни: “Имон етмишдан ортиқ бўлаклардан иборатдир. Унинг энг афзали “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси бўлса, энг паст даражаси йўлдаги азият етказадиган нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам  имондан бир бўлакдир”(Имом Муслим ривояти).
         Демак, ҳаё имондан бир бўлак бўлиб, у имонни сайқал топишида муҳим ўрин тутади. Қайси бир кишининг ҳаёси кучли бўлса, демак, унинг имони ҳам кучли бўлади. Муқаддас Ислом динимизда ҳар бир мўмин-мусулмонни ҳаёли бўлишига тарғиб қилинган. Чунки, ҳаё динимизнинг хулқи ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
إِنَّ لِكُلِّ دِينٍ خُلُقًا، وَخُلُقُ الْإِسْلَامِ الْحَيَاءُ
(رَوَاهُ الْإِمَامُ ابْنُ مَاجَةُ)
яъни: Албатта, ҳар бир диннинг (ўзига хос) хулқи бўлади. Исломнинг хулқи эса ҳаёдир (Имом Ибн Можа ривояти).
Демак, Ислом динида эканмизми, албатта динимиз хулқи билан хулқланишимиз зарур бўлади.  Ҳаё сабабли инсон ўзини кўп гуноҳ ва хатолардан сақлайди, беҳуда ишлардан тийилади. Инсонда ҳаё камайиши билан имони ҳам заифлашиб кетади. Бу ҳақда ҳадисда шундай келтирилади:
"إِنَّ الْحَيَاءَ وَالْإِيمَانَ قُرَنَاءُ جَمِيعًا، فَإِذَا رُفِعَ أَحَدُهُمَا رُفِعَ الْآخَرُ"
(رَوَاهُ الْإِمَامُ الْحَاكِمُ)
яъни: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта ҳаё ва имон бир бирига чамбарчас боғлиқдир. Бири кўтарилса (кетса),иккинчиси ҳам кўтарилиб кетади” (Имом Ҳоким ривояти).
Шуни унутмаслик керакки, инсонпарварлик, тақводорлик, раҳмдиллик ва барча энг юқори инсоний фазилатлар ҳаё орқали амалга ошади. Бунга Оиша онамизнинг қуйидаги сўзлари яққол далилдир: "Гўзал хулқлар ўнтадир: ростгўйлик, хушмуомалалик, омонатдорлик, силаи раҳм, хизматга яраша ҳақ бериш, ҳаммага яхшилик қилиш, қўшнилар ҳаққига муҳофаза қилиш, дўстнинг ҳаққига риоя қилиш ва меҳмонни эъзозлаш. Барчасининг боши эса ҳаёдир".
Имом Абулҳасан Мовардий раҳматуллоҳи алайҳ ҳаё уч қисмга бўлинади деганлар:
Биринчиси Аллоҳдан ҳаё қилишдир. У Аллоҳ таолонинг барча амр ва фармонларига итоат қилиш ва қайтарган нарсаларидан ўзини тийишдир.
Иккинчиси одамлардан ҳаё қилишдир. У одамлар билан чиройли муомала қилиб, тил ва қўл орқали етадиган озорлар билан уларни ранжитмасликдир.
Учинчиси киши ўзидан ҳаё қилишдир. У ҳеч ким кўрмайдиган жойда ўзини ножўя ва ноўрин ҳаракатлардан сақлашидир.
Ҳаёли инсон гапирар экан, оғзидан ёмон сўзлар чиқиб кетишидан, бошқаларнинг сирини ошкор қилишдан ўзини тияди. Ҳаёсизликда ўзгаларнинг инсоний ҳақларини поймол қилиш бор. Ҳаё ўз эгасини жаннатга киришига сабаб бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
اَلْحَيَاءُ مِنَ الْإِيمَانِ وَالْإِيمَانُ فِي الْجَنَّةِ وَالْبَذَاءُ مِنَ الْجَفَاءِ وَالْجَفَاءُ فِي النَّارِ
(رَوَاهُ الْإِمَامُ أَحْمَدُ وَالْإِمَامُ ابْنُ حِبَّانَ)
яъни: “Ҳаё – имондандир, имоннинг жойи эса – жаннатдир. Беҳаёлик эса – жафодандир, жафонинг жойи – дўзахдадир” (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).
Ҳаё бобида гапирар эканмиз, беихтиёр жаноб Расулуллоҳнинг ҳаёлари ҳақидаги Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳунинг сўзлари ёдимизга тушади:
كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَشَدَّ حَيَاءً مِنْ الْعَذْرَاءِ فِي خِدْرِهَا وَإِذَا كَرِهَ شَيْئًا عُرِفَ فِي وَجْهِهِ
(َروَاهُ الْإِمَامُ الْبُخَارِيُّ)
 яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаё бобида чимилдиқдаги келиндан ҳам ўтар эдилар. Агар бирор нарсани ёқтирмасалар, юзларидан (ёқтирмаганлик аломатлари) билинар эди” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўлдики, имон қанчалик кучли бўлса ҳаё ҳам шунчалик кучли бўлади. Чунки Пайғамбаримизнинг имонлари энг кучли эканида ҳеч шак-шубҳамиз йўқдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга қандай ҳаё қилишни ўргатганлар. Бу ҳақда қуйидаги ҳадисда шундай дейилади:
اسْتَحْيُوا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ قَالُوا: إِنَّا لَنَسْتَحْيِي مِنَ اللَّهِ يَا رَسُولَ اللَّهِ وَالْحَمْدُ لِلَّهِ، قَالَ: لَيْسَ ذَاكَ، وَلَكِنْ مَنِ اسْتَحْيَا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ فَلْيَحْفَظِ الرَّأْسَ وَمَا وَعَى، وَلْيَحْفَظِ الْبَطْنَ وَمَا حَوَى، وَلْيَذْكُرِ الْمَوْتَ وَالْبَلاءَ، وَمَنْ أَرَادَ الآخِرَةَ تَرَكَ زِينَةَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا، فَمَنْ فَعَلَ ذَلِكَ فَقَدِ اسْتَحْيَا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ
(رواه الإمام البيهقي)
яъни: “Аллоҳдан чинакам ҳаё қилинглар”, – дедилар.  Улар: “Ё Расулуллоҳ, биз ҳаё қиламиз, алҳамдулиллаҳ”, – дейишди. Шунда у зот: “Йўқ, у (намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳажга бориш каби амалларингиз) ҳақиқий ҳаё эмас. Ҳақиқий ҳаё – бош вa ундаги (кўз, қўлоқ, бурун, оғиз, тил каби) бaрчa aъзoни (Aллoҳ қайтаргaн нaрсалaрдaн) сaқлaш, қoрин ва ундаги (озуқа, фарж сингари) бaрчa aъзoни (ҳаромдaн) тийиш ҳамда ўлимни ва ундaн кeйинги чириш (aзoб-уқубaт)ни эслашдирКим охиратни хоҳласа, ҳаддан зиёда дунёга ҳирс қўймасин. Кимки буларга амал қилсa, Aллoҳдaн ҳaқиқий ҳaё қилибди”, – дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Демак, кўзини номаҳрамларга қарашдан, қулоғини номақул гап-сўзларни эшитишдан, тилини ғийбат, ёлғон, бўҳтонлардан, қорнини ман қилинган нарсаларни истеъмол қилишдан, бошқа аъзоларини эса ҳаромдан тийган ва ўлимни эслаб юрган кишигина ҳақиқий ҳаё қилган ҳисобланади. Ҳаё бобидаги қуйидаги ҳадиси шарифни уламоларимиз Исломнинг мадори яъни, Исломнинг асосий таълимотларини ўз ичига олган ҳадислар сарасига киритганлар. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
"إِنَّ مِمَّا أَدْرَكَ النَّاسَ مِنْ كَلَامِ النُّبُوَّةِ الْأُولَى: إِذَا لَمْ تَسْتَحْيِ، فَاصْنَعْ مَا شِئْتَ"
(رَوَاهُ الإمام الْبُخَارِيُّ)
яъни: ““Ҳаё қилмасанг, хоҳлаганингни қилавер”, (деган гап) одамларга етган биринчи нубувват сўзларидандир” (Бухорий ривоят қилган). Ҳадисдаги “Ҳаё қилмасанг, хоҳлаганингни қилавер” деганларини уламолар қуйидагича шарҳ қилганлар: бу жумла огоҳлантириш маъносида бўлиб: “Агар ҳаё қилмасанг, билганингни қил, қилмишингга яраша жазо оласан” деган маънода айтилган. “Нимани истасанг, шуни қилавер” маъносида эмас. Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ: “Бахтсизликнинг нишонаси қуйидаги нарсаларда кўринади деганлар:  бешарм ва беҳаё бўлиш, кўнгли қаттиқ ва дағал бўлиш, молу дунёга ҳаддан ортиқ муккасидан кетиш”, – дер эди.
Муҳтарам жамоат! Афсуски, баъзи бир ота-оналар фарзандларини таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи ва шарм-ҳаёсига бепарво бўлмоқдалар. Натижада, айрим ёшларимиз ғарб маданиятига тақлид қилиб, ҳаё чегарасидан чиқиб кетмоқда, уларнинг оғзидан чиқаётган сўзларга ўзлари уялмасалар-да, атрофдагилар ноқулай аҳволга тушиб қолмоқда. Зеро, Аллоҳ таоло фаҳшни ҳам, фаҳш сўзни сўзловчини ҳам севмайди.  Ояти каримада шундай дейилади:
قُلْ إِنَّمَا حَرَّمَ رَبِّيَ الْفَوَاحِشَ مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَمَا بَطَنَ وَالْإِثْمَ وَالْبَغْيَ بِغَيْرِ الْحَقِّ وَأَنْ تُشْرِكُوا بِاللَّهِ مَا لَمْ يُنَزِّلْ بِهِ سُلْطَانًا وَأَنْ تَقُولُوا عَلَى اللَّهِ مَا لَا تَعْلَمُونَ
яъни: “Айтинг: «Раббим, албатта, фаҳш ишларнинг ошкораю пинҳонасини, гуноҳ (ишлар)ни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳ ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарса(лар)ни Унга шерик қилишингизни ҳамда Аллоҳнинг шаънига ўзингиз билмаган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилди” (Аъроф сураси, 33-оят).
Ибн Арафа: “Ҳар бир Аллоҳ қайтарган иш – фаҳшдир”, – деганлар.
Биз фарзандларимизни замон билан ҳамнафас қилиб тарбиялаш билан бирга, шу кунимизда кенг тарқалган, беҳаёликни тарғиб қиладиган воситалар ва йўллардан ҳимоя қилишимиз керак. Сир эмас, айрим ёшларимиз телефон аппаратлари ва бошқа воситаларда порнографик маҳсулот (расм, видео, кино)ларни сақлашмоқда ва бу ҳам етмагандек бошқаларга тарқатишмоқда. Бу нарса давримизда ёшларни ўз домига тортувчи катта балога айланиб улгурди. Хўш, бунга қарши курашга ким масъул? Бизнингча, ҳар бир оила, ҳар бир ота-она фарзандларига, уларнинг фаҳш нарсаларни сақлаши мумкин бўлган асбоб воситаларига эътибор қаратиб, вақти-вақти билан назорат қилиб туришлари ва фойдали машғулотлар билан банд қилиш лозим. Аксарият нохушликлар, жиноятлар бекорчиликдан келиб чиқади. Айниқса, уларни турли фан ва спорт тўгаракларига  жалб қилиш фойдали бўлади.
Йигит-қизларнинг кийиниш маданияти ҳам миллий қадриятларимизга тўғри келмай қолмоқда. Бу ҳолат миллатимизнинг маданияти, миллийлиги йўқолиб боришига сабаб бўлаётган омиллардандир. Ёшларни бундай аҳволга солаётган нарса нима бўлиши мумкин? – деб ўйлаймиз. Бунга сабаб оиладаги муҳит. Халқимизда бир гап бор: “Қуш уясида кўрганини қилади”. Ҳақиқатдан ҳам, фарзандлар энг кўп маълумотни ота-онасидан йиғади, ота-она беҳаё сўзларни гапирса, уруш-жанжал қилса, фарзандлар улардан ўрганади. Оиладаги муҳит носоғлом бўлса, фарзандга катта таъсир кўрсатади. Ярим кечаси бола кўчадан кириб келади, бунга ота-она бефарқ қарайди. Айниқса, қиз болаларда бундай ҳолатнинг кузатилиши – жуда оғир масала. Бундай ҳолатлар беҳаёликка, оғир оқибатларга олиб боришини наҳотки ўйлашмайди?! Ота-она “Қаердан келдинг?”, “Ким билан эдинг?”, “Нега кеч келдинг?” каби саволларни бермаса, уларга ким тарбия беради?! Хуллас, “ҳаё” деганда, ҳар бир ҳолатда Аллоҳ таолони кўриб турганини ҳис қилиб яшаш, гуноҳлардан ўзини тийиш билан намоён бўлади. Шу руҳда тарбияланган инсон бировга, гарчи у билмаса-да, кўрмаса-да, хиёнат этмайди, обрўсини тўкмайди, зулм қилмайди, ҳақини топтамайди. Ичи билан таши бир бўлади. Биров бор пайтда – бошқача, йўғида эса бошқача муомала қилмайди ва ҳоказо.
Аллоҳ таоло барчамизни имонда, Исломда собитқадам қилиб, ҳақиқий ҳаё билан зийнатласин! Омин!
ИЛОВА
Ҳурматли имом-домла! 20.08.2018 куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши раиси, муфтий Усмонхон Алимов томонидан тасдиқланган “Ўзини-ўзи турли йўллар билан қасддан  ўлдиришнинг оғир гуноҳлиги  ҳақида фатво” билан танишиб чиқиб, уни жамоатга етказишингиз сўралади. Фатво матни илова қилинади.
Муҳтарам имом-домла! Масжидларда намоз вақтига қатъий риоя этиб, хусусан, жума намозини белгиланган вақтдан ўтказмаган ҳолда адо этишингиз ва жума иш куни бўлгани учун намозхонларни кўп ушланиб қолишларига йўл қўймаслигингиз тавсия этилади!
 И Л О В А
ЎЗИНИ-ЎЗИ ТУРЛИ ЙЎЛЛАР БИЛАН ҚАСДДАН  ЎЛДИРИШНИНГ ОҒИР ГУНОҲЛИГИ  ҲАҚИДА
 ФАТВО
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
اَلْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ مُحَمَّدٍ وَعَلَى اَلِهِ وَاَصْحَابِهِ اَجْمَعِينَ. اَمَّا بَعْدُ
Инсон доимо ўзига берилган барча илоҳий неъматларга шукр қилиб, ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай мусибат ва қийинчиликларга сабр қилиши ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб яшаши лозим бўлади. Турли шайтоний васваса, тушкунлик ва умидсизликка берилмай, Инсон деган улуғ номга мувофиқ иш тутиш чин мўмин-мусулмонга хос ишдир. Зеро, Аллоҳ таоло бу дунёни имтиҳон дунёси қилиб, унда бандаларини турли хил йўллар билан синашини маълум қилган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай деган:
وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ
яъни: Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз(Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар” (Бақара сураси, 155-оят).
Инсон ўзи кутмаган мусибатли ҳолатларга дуч келганда албатта, бу мусибатдан қутулиш чораларини қидиради. Баъзан имон-эътиқоднинг сустлиги, сабр-тоқатнинг озлиги сабабли, шайтон васвасаси ғолиб келиши оқибатида бошига тушган мусибат ёки қандайдир оғир шароитда қолган киши турли хилдаги нохуш ишларга қўл уриб қўйиши мумкин. Шунинг учун, Аллоҳ таоло мусибатларни енгишда сабр-қаноатга суяниш, Унинг тақдирига рози бўлиш энг тўғри йўл эканлигини баён этмоқда.
Афсуслар бўлсинки, кейинги вақтларда айрим кишилар, айниқса, хотин-қизлар билиб-билмай ўзларининг жонларига қасд қилиш орқали, Аллоҳ таоло ато этган ҳаёт нурини бевақт сўндиришга, икки дунёда абадий лаънатга ва дўзах азобига дучор бўлишга сабаб бўладиган оғир гуноҳга қўл урмоқдалар. Инсон ўзига омонат қилиб берилган жонни ўз қўли билан ҳалокатга ташлаши, яъни ўз жонига қасд қилиши нафақат мусибатдан қутулишнинг энг нотўғри  йўли, балки унданда каттароқ мусибатга ўзини мубтало қилиш демакдир. Чунки, ўз жонига қасд қилиш Аллоҳ таолонинг унга ато этган неъматларига, хоссатан, берилган умр – ҳоли ҳаётга ношукурлик ҳамда Одилу Ҳаким зотнинг белгилаб қўйган тақдирига нисбатан улкан исёндир.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадисларда ўз жонига қасд қилишнинг аянчли оқибатлари аниқ баён этилади. Собит ибн Заҳҳокдан ривот қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنْ ثَابِتِ بْنِ الضَّحَاكِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِشَيْءٍ فِي الدُّنيَا عُذِّبَ بِهِ يَومَ القِيَامَةِ.
яъни: “Ким бу дунёда ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ҳам унга ўша нарса билан азоб берилади” (Имом Бухорий ривояти).
Ўз жонига қасд қилишнинг оғир гуноҳ эканлиги, унга тайинланган жазодан ҳам маълумдир. “Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим”  китобларида келтирилишича:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ تحَسَّى سَمًّا فَقَتَلَ نَفْسَهُ فَسَمُّهُ فِيِ يَدِهِ يَتَحَسَّاهُ فِيِ نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فيِهَا أَبَدًا وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِحَدِيْدَةٍ فَحَدِيدَتُهُ فِي يَدِهِ يَطْعَنُ بِهَا فِي بَطْنِهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَمَنْ تَرَدَّى مِنْ جَبَلٍ فَقَتَلَ نَفْسَهُ فَهُوَ يَتَرَدَّى فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَالَّذِى يَتَقَحَّمُ فِيهَا يَتَقَحَّمُ فِي النَّارِ وَالَّذِي يَخْنُقُ نَفْسَهُ يَخْنُقُهَا فِي النَّارِ
яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:“Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, қиёмат кунида ўша заҳари қўлида, уни ичган ҳолда жаҳаннам оловида абадий қолади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша темир парчасини қорнига суққан ҳолида жаҳаннам ўтида абадий қолади. Ким тоғ тепасидан ташлаб ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Ўзини бирор нарсага уриб ўлдирган кимса, дўзахга  ўзини уриб азоблайди. Ўзини ўзи бўғиб ўлдирган кимса, жаҳаннамда ҳам ўзини бўғиб азоблайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Бошқа ҳадисда Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:
 عَنْ جُندُبِ بْنِ سُفيَانَ رَضِيَ اللهُ عَنهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَليْهِ وَسَلَّمَ: "خَرَجَ بِرَجُلٍ فِيمَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ خَرَاجٌ فَلَمَّا آذَاهُ اِنْتَزَعَ سَهْمًا مِنْ كِنَانَتِهِ فَنَكَّأَهُ فَلَمْ يَرقَأِ الدَّمُ حَتَّى مَاتَ
فَقَالَ اللهُ تَعَالَى: "بَادَرَنِي ابْنُ آدَمَ بنَفْسِهِ فَقَتَلَهَا، فَقَدْ حَرَّمْتُ عَلَيْهِ الجَنَّةَ"
(رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ)
яъни: Жундуб ибн Суфён разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Сизлардан олдинги умматдан бўлган бир кишининг баданига тошма тошган эди. Тошма унга озор беравергач камон ўқини қинидан олиб, ярани тирнай бошлади. Ундан чиққан қон тўхтамай оқибатда у киши ўлди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам шошиб ўзини ўлдирди. Шунинг учун жаннатни унга ҳаром қилдим”, – деди” (Имом Бухорий ривояти).
Динимизда нафақат ўзини қасддан ўлдириш, балки эҳтиётсизлик туфайли ҳаётига зомин бўлиш ҳам қаттиқ қораланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:
عَنْ عَلِيِّ بْنِ شَيْبَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ بَاتَ فَوْقَ بَيْتٍ لَيْسَ حَوْلَهُ شَيْءٌ يَرُدُّ  قَدَمَيْهِ  فَوَقَعَ فَمَاتَ فَقَدْ بَرِئَتْ مِنْهُ الذِّمَّةُ   وَمَنْ رَكِبَ الْبَحْرَ بَعْدَمَا يَرْتَجُّ  فَمَاتَ فَقَدْ بَرِئَتْ مِنْهُ الذِّمَّةُ 
(رَوَاهُ الْحَاكِمُ)
яъни: Али ибн Шайбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Ким  уйнинг атрофи ўралмаган томи устида тунаса ва ундан тушиб кетиб ўлса, унга ҳеч ким жавобгар эмас, ким денгизга мавжланиб турган вақтда чиқса ва чўкиб ўлса, унга ҳеч ким жавобгар эмас” (Имом Ҳоким ривояти). Шунга ўхшаш, автоуловнинг тезлигини ҳаддан ошириб ҳайдаш, ёки тамаки ва гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишга муккасидан кетиш оқибатида инсон ўз ҳаётига зомин бўлиши ҳам ўз жонига қасд қилган билан баробардир. Шундай экан, инсон ҳаётига хавф туғдирадиган ҳар қандай ҳолатлардан ўзини сақлаши лозим бўлади.
Инсон қилган гуноҳларига сидқидилдан тавба қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади. Аммо, инсоннинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатида, агар унинг бу хатти-ҳаракати амалга ошса, унга бу гуноҳдан тавба қилишнинг имкони бўлмайди. Шунинг учун ўз жонига қасд қилиш инсонга нисбатан шайтон васвасасининг энг авж нуқтаси ва шайтоннинг бир инсон устидан ғалабаси ҳисобланади. Бу дардга аксар ҳолда ёшларнинг мубтало бўлаётганини алоҳида эътироф этиш лозим. Хўш, ундан қандай сақланмоқ керак?
Мазкур иллатни келтириб чиқарувчи энг асосий омиллардан бири ёшларимизнинг ҳаёт ҳақидаги тушунчасининг саёзлиги, ҳаётни енгил-елпи фильмлар орқали тасаввур қилиши, шунингдек, миллий қадриятларимиз ҳамда Ислом дини таълимотларидан йироқлашиб кетиши бунинг бош сабабларидан бири ҳисобланади. Чунки, миллий қадриятларимиз замирида ва Ислом дини таълимотларида, хусусан, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг бир неча ўринларида жон эгасининг ўз жонига қасд қилишидан қатъий қайтарилган. Аксинча, Аллоҳ таоло омонат қилиб берган ҳаёт неъматини, умримиз йилларини чиройли солиҳ амаллар ва савобли ишлар билан ўтказишга, кундалик ҳаётий қийинчилик ва муаммоларни ақл-заковат билан ҳал этишга ҳаракат қилиш ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан доимо умидворлик билан яшашга интилиш ҳақиқий имонли инсоннинг баркамол фазилати бўлиб ҳисобланади.
Асосий муаммоларимиздан бири руҳий тушкунликка берилаётган бундай тоифа инсонларга яқинлари томонидан ўз вақтида эътибор берилмаслиги, бепарволик, уни қийнаётган, жавобини топа олмаётган масала ечимини ҳал қилиб берилмаслигидир. Шунинг учун барчамиз бир-биримизга нисбатан масъул эканлигимизни унутмайлик. Ўзаро эътиборли, меҳр-оқибатли бўлайлик.
Аллоҳ таолога шукрки, биз – мусулмонлар инсон учун ҳамма ҳаёт шароитлари тўлиқ муҳайё қилинган фаровон жамиятда яшамоқдамиз. Биров-бировни ҳақ-ҳуқуқини камсита олмайди. Бундай адолатли жамиятда яшаш айни саодатдир. Бинобарин, бизнинг Ватанимизда ўзини-ўзи ўлдиришга ҳеч қандай сабаб йўқ.
Ҳар бир инсон, хоҳ эркак ва хоҳ аёл бўлсин, ушбу ҳақиқатни яхши тушуниб олиши ва шундай тўкин, тинч ва фаровон замонда ҳамда адолат  устивор бир жамиятда яшаётгани учун Аллоҳ таолога шукр қилиши лозим. Ҳар қандай ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни сабру қаноат ва ҳусни тадбир билан ҳал қилса бўлади. Аммо бесабрлик ила ношукрлик қилинса, оқибати хайрли бўлмайди. Ҳадисларда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини ўлдирган одамга жаноза намози ўқимаганликлари айтилган.
عَنْ جَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ أَنَّ رَجُلًا قَتَلَ نَفْسَهُ فَلَمْ يُصَلِّ عَلَيْهِ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ
яъни: Жобир бин Самурадан ривоят қилинади, бир киши ўзини ўлдириб қўйди, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам унга жаноза намози ўқимадилар (Имом Термизий ривояти). Имом Насаийнинг ривоятларида Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам:
أَمَّا أَنَا فَلَا أُصَلِّي عَلَيْهِ
 яъни: “Мен унга жаноза намози ўқимайман”, – деганлар.
Шунга кўра баъзи уламолар, ўзини ўзи ўлдирган кишига имом жаноза намози ўқимайди, балки, маййитнинг яқинларидан бири ўқийди, деганлар. Бунинг сабаби, одамлар ўз жонига қасд қилишнинг оқибати ёмон бўлиши, ҳатто унга катта жамоат бўлиб, имом бошчилигида намоз ўқилмаслигини билсинлар ва бундай гуноҳи азимга қўл уришдан қўрқсинлар, деган маъно бор.   
Руҳий касалликлар туфайли ўз жонига қасд қилганлар бундан мустасно. Зеро, ақл-ҳуши жойида бўлганларгина мукаллаф ҳисобланадилар. Яъни, шариат кўрсатмаларини бажаришга ва тақиқларидан сақланишга буюрилган бўладилар. Аммо, руҳий касаллиги бор киши ўзининг ҳеч қандай тасарруфидан масъул бўлмайди.
Қуръони карим ва Пайғамбаримиз ҳадисларига амал қилган ҳолда ва мазкур далиллар асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси юртимиздаги барча мусулмонларга мурожаат қилиб, ўзини-ўзи ўлдириш каби ношаръий ҳолатларга қарши кескин чоралар кўришга чақиради. Инсонлар шундай ҳолатларга дуч келган тақдирда уни бартараф этишнинг чора-тадбирларини кўриш барча имом-хатибларнинг энг муҳим вазифаси ва ҳам диний, ҳам инсоний бурчларидир, деб ҳисоблайди.
Барча имом-хатиблар инсон ўзини-ўзи ўлдиришни ёки ўзига ўт қўйиши катта гуноҳ эканлигини мусулмонларга оят ва ҳадислар билан исботлаб тушунтиришлари лозим. Бундай ношаръий ишлар Аллоҳ таолонинг бандаларига берган ҳаёт неъматига ношукрлик эканини батафсил англатиб  боришлари зарурдир.
Шу билан бирга имом-хатиблардан ўзини-ўзи ўлдирганларга жаноза намози ўқишдан бош тортишлари, уйларига дуойи фотиҳага, маърака маросимларига бормасликлари талаб этилади. Балки, шундай ҳолат юз берганда жанозани маййитнинг уйида яқинларидан бири ўқишларини  тушунтиришлари лозим бўлади. Имом-хатиблар шу йўл билан ўзини-ўзи ўлдирган шахсларнинг гуноҳи қанчалик оғир эканини халққа ошкор қилган ва  мусулмонларни бу мудҳиш феълдан асраган бўлишади.     
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши мазкур далиллар ва фатволарга асосланган ҳолда барча имом-хатиблар мазкур фатвонинг мазмун ва моҳиятини мўмин-мусулмонларга батафсил тушунтириб бериб, барчани огоҳликка, ҳушёрликка чақиришларини талаб қилади.
Аллоҳ таоло ҳар бир бандасига ато этган неъматларига шукр қилишга ва  синов учун етган мусибатларга сабр қилишни насибу рўзий айласин!
Валлоҳу аълам биссавоб.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Уламолар кенгаши раиси, муфтий
Усмонхон  АЛИМОВ     
 28.08.2018 й

суббота, 16 февраля 2019 г.

Ўргимчак уяси ҳақида биласизми?

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
مَثَلُ الَّذِينَ اتَّخَذُوا مِن دُونِ اللَّهِ أَوْلِيَاء كَمَثَلِ الْعَنكَبُوتِ اتَّخَذَتْ بَيْتاً وَإِنَّ أَوْهَنَ الْبُيُوتِ لَبَيْتُ الْعَنكَبُوتِ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ
“Аллоҳни қўйиб, ўзга дўстлар тутганларнинг мисоли ўзига уй тутган ўргимчакка ўхшайди. Ҳолбуки, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир. Кошки билсалар эди”. (Аллоҳдан ўзганинг йўлини тутганлар, унинг уйидан ўзга уйда яшашни ихтиёр қилганлар ўзларининг ўргимчак уясида яшашни ихтиёр қилаётганларини кошки билсалар эди. Уларнинг тузган тузумлари худди ўргимчак уясига ўхшаб, ўта нимжон эканини билсалар эди. Такаббурликлари ила Аллоҳ қуриб берган улуғвор қасрни инкор этиб, ўргимчак уясида яшашни ихтиёр қилаётганларини билсалар эди. Бу ҳақиқатни биладиларми, билмайдиларми — уларга фарқи йўқ.) (Анкабут сураси, 41-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда Ўзидан бошқаларни дўст тутиб, улардан ёрдам сўраб, бошқаларга сиғиниб, Унга ширк келтирганларга ўргимчак уясини зарбулмасал қилиб келтирмоқда.
Ўргимчак инининг заифлиги нимада кўринади?
Ўргимчак ин қуриб, ўша инида яшайди, уни ҳимоя қилади. Аммо ушбу ин уни иссиқ-совуқдан, ёмғир-қордан ва бирорта душмандан ҳимоя қилолмайди.  
Ўргимчак уяси ҳақида бир неча илмий ҳақиқатлар бор.
Эркак ўргимчак уя қура олмайди. Уяни фақат урғочи ўргимчак тўқийди. Унинг қорнида ип йигирув аъзоси бўлиб, бундай аъзо эркак ўргимчакларда йўқ.   
Урғочи ўргимчак вояга етиб, кўпайиш пайти яқинлашганда, ин тўқишни бошлайди. Ушбу ин эркак ўргимчакни ўзига жалб этиш воситаси ҳисобланади. У ўз уясини ўта сезувчан бўлиши учун геометрик шаклда, режали тарзда, катакли қилиб тўқийди. Натижада бундай уя ташқаридаги бирор ҳаракатни дарҳол сезадиган, товуш тебранишлари таъсирида титрайдиган бўлади. Уясини тўқиш жараёнида унга ёпишқоқ елим модда қўшиб юборади. Бу эса уянинг ёнидан учиб ўтаётган бирор ҳашаротнинг унга ёпишиб қолишига ва чиқиб кета олмаслигига хизмат қилади. Ҳа, бу уя ўлжалар учун кишан вазифасини ўтайди. Бир четда кузатиб турган урғочи ўргимчак уясига илинган ўлжа олдига келади-да, уни паққос туширади.
Урғочи ўргимчак эркагидан уруғланиб, жуфтлашиш босқичи якунлангач, жуфтига ҳужум қилиб, уни ўлдириб, паққос туширади-да, кейин узоқроқ ва тинчроқ жойга кетади. Бундай ҳужум ўргимчаклар ҳаётида доим содир бўлади. Чунки тухумларнинг пишиб-етилишида эркак ўргимчак тўқималарининг ўрни жуда муҳимдир.  
Уянинг заифлиги фақат ҳиссий бўлиб қолмай, балки маънавий, ижтимоий томондан ҳам заифдир. Зеро, ушбу уя эркак ўргимчак учун омонлик маскани бўлиб кўринади. Аммо унинг ҳалок бўлиши шу уяда содир бўлади. Унинг учун бу уй чинакам омонлик ва хавфсизлик маскани бўла олмайди.
Ҳа, бу уй дунёдаги энг заиф уйдир. Барча жонзотлар мустаҳкам, пишиқ уйлар қуради. Аммо ўргимчак шамол, ёмғир ва бироз таъсир натижасида бузилиб кетадиган уй қуради.
Сувда яшайдиган ўркимчаклар сувнинг сатҳида ҳаво пуфакчасини ҳосил қилиб, ўшанинг ичига ин қуради. Бундай уй арзимаган таъсир сабабли бузилиб кетади.
Баъзида ўргимчаклар янги ипак ишлаб чиқариш учун ўз уясини ейди. Она ўргимчак жуфтини, болаларини, ҳатто ака-ука, ота-онасини ҳам ейди. Уларнинг ҳаёти мана шундай тарзда кечиб, ижтимой жипслик йўқ.
Ўргимчакларнинг бошқа ҳашаротлардан фарқи шуки, улар ёлғиз яшайди. Уларда жамоа бўлиб яшаш шаклланмаган. Ўргимчакларда чумоли, асалари каби ўзаро ҳамкорлик, бир-бирига ёрдам бериш, қабиласи, оиласи учун ўзини қурбон қилиш деган тушунчалар йўқ.
Ер юзида 37 000 турдаги ўргимчак бор. Аммо олимлар ҳалигача уларнинг ипига ўхшаш ип ишлаб чиқара олмаяптилар. Ўргимчак кучли муҳандисларни ҳам ҳайратда қолдирадиган шаклда уй қуради.
Ўргимчаклар узоқни кўра олмайди. Улар нари борса бир неча сантиметрни кўриши мумкин. Аммо моҳир овчидир. Ўргимчаклар йиртқич ва кўпи заҳарли ҳашарот бўлиб, яқинига келган ҳашаротга заҳрини сочиб, овлайди.   
Ўргимчаклар орасида “қора бева” деган тури бор. Эркаги билан қўшилгандан кейин дарҳол уни еб қўйиб, ўзи бева қолгани учун шундай ном билан аталган. Бу ўргимчак дунёдаги энг заҳарли турларидан бўлиб, раҳм-шафқат нималигини билмайди. 
Юқорида ўргимчак танасида ип ишлаб чиқарадиган аъзоси борлигини айтгандик. Мазкур ип ўргимчак танасидаги махсус оқсиллар орқали ишлаб чиқарилади. Ип ташқарига чиқаётган пайтда суюқ бўлади, ҳаво билан тўқнашгач, қаттиқлашади. Уясини тўқишдан олдин худди архитекторларга ўхшаб, аввал унинг чизмасини чизиб чиқади, аниқроғи, олдин тўрнинг четларини тўқийди.
Ўргимчак ипининг қалинлиги 0.004-0.001 мм (яъни миллиметрнинг мингдан бир ва мингдан тўрт улушича) бўлиб, инсон соч толасидан 10-30 мартагача ингичка экан. Буни тасаввур қилиш учун тикувчиликда ишлатиладиган оддий ип билан йўғон арқонни солиштириб кўринг. Шунингдек, ўргимчак ипи пахтадан анча енгилдир.
Тайёр бўлган ўргимчак тўри ўзига нисбатан жуда узун бўлади. унинг бўйига нисбатан тўқиган уясининг узунлигини солиштирадиган бўлсак, ўртача 1.70 см бўлган одам 150 метр баландликдаги уйни қуриши билан тенгдир. Агар инсон 150 метрли уй қурмоқчи бўлса, унга бир неча йиллаб вақт сарфлайди. Ўргимчак эса ўз инини бир соатдан кўпроқ вақтда тўқийди.
Соҳа мутахассисларининг айтишича, ўргимчак ипи дунёдаги энг пишиқ ва мустаҳкам ип бўлиб, агар ушбу ипни диаметри 60 миллиметрли қилиб ишлаб чиқарилса, у устма-уст тахланган 150 та машинани кўтара олади.
Ҳарбий соҳада ишлатиладиган зирҳли ҳимоя нимчалари (бронежилетлар) ўта пишиқ модда бўлган кевлардан олинади. Бу модда −196°C паст ҳароратга қадар ўзининг куч ва эластиклигини сақлаб туради. Шунингдек, бу модда 150°C иссиқ ҳароратда қуввати пасайишни бошлайди. 160°C даражада 500 соат ичида унинг кучи 10-20 фоизга камаяди. 250°C даражада кевлар 70 соат мобайнида кучининг 50 фоизини йўқотади. Ҳарорат 430—480 °C бўлганда эса, парчаланади.  
Аммо ўргимчак ипи пўлатдан беш марта, ушбу кевлардан ўн марта пишиқроқ ва чидамлироқдир. Ундан тайёрланган зирҳли ҳимоя нимачаси – бронежилет анча енгил ва ўта чидамли бўлади.
Ҳозирги пайтда катта-катта майдонларда ўргимчак боқилиб, уларнинг ипини олиш йўлга қўйилган.
Шунингдек, ўргимчак ипи авиасозликда ҳам кенг қўлланилади.
Шунга қарамай у мана шу пишиқ ипдан ўта заиф уй қуради. Ҳа, уйнинг ўзи кичик бир таъсирга ҳам дош беролмайдиган даражада заиф, аммо унга ишлатилган ип ўта пишиқ ва мустаҳкамдир.
Юқоридаги оятни яна бир бор келтирсак:
مَثَلُ الَّذِينَ اتَّخَذُوا مِن دُونِ اللَّهِ أَوْلِيَاء كَمَثَلِ الْعَنكَبُوتِ اتَّخَذَتْ بَيْتاً وَإِنَّ أَوْهَنَ الْبُيُوتِ لَبَيْتُ الْعَنكَبُوتِ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ
“Аллоҳни қўйиб, ўзга дўстлар тутганларнинг мисоли ўзига уй тутган ўргимчакка ўхшайди. Ҳолбуки, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир. Кошки билсалар эди”. (Аллоҳдан ўзганинг йўлини тутганлар, унинг уйидан ўзга уйда яшашни ихтиёр қилганлар ўзларининг ўргимчак уясида яшашни ихтиёр қилаётганларини кошки билсалар эди. Уларнинг тузган тузумлари худди ўргимчак уясига ўхшаб, ўта нимжон эканини билсалар эди. Такаббурликлари ила Аллоҳ қуриб берган улуғвор қасрни инкор этиб, ўргимчак уясида яшашни ихтиёр қилаётганларини билсалар эди. Бу ҳақиқатни биладиларми, билмайдиларми — уларга фарқи йўқ.) (Анкабут сураси, 41-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда “ўзига уй тутган” маъносини ифода қилувчи اتَّخَذَتْ (иттахозат) феълини аёл жинси (женский род) сийғасида келтирган. Фақат урғочи ўргимчаклар ин қуришини, эркакларида бундай қобилият йўқлигини айтиб ўтдик. Яна оятда “энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир” дейилган. Заифлиги қай даражада эканини юқорида айтиб ўтдик.
Энди савол: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам 1400 йил аввал ўргимчакларнинг фақат урғочиси ин уя солишини, уларнинг уяси дунёдаги энг заиф уя эканлигини қаердан билган эканлар?” Албатта, Аллоҳ таоло у кишига бу илмий ҳақиқат ҳақида хабар бергандир. Мазкур илмий ҳақиқатларнинг 14 аср олдин Қуръони Каримда баён қилиниши Қуръон Аллоҳнинг нозил қилган каломи эканига аниқ ва яққол далилдир!

Манба: Muslim.uz

вторник, 5 февраля 2019 г.

Марҳумларнинг Қуръон тиловатидан насибаси


Барчага маълумки, мусулмонлар қайси мазҳабда бўлишларидан қатъи назар марҳумларга атаб хатм ўтказиш, жумладан қабристонда Қуръон тиловат қилишга фатво берганлар. Аммо айрим мутаассиб кучлар томонидан бу эзгу амалга зид ҳолда ёндашадиганлар ҳам топилиб қолмоқда. Улар ўз раҳнамолари томонидан чиқарилган далил-исботсиз гап-сўзга учмоқда.

Ўтган алломаларимизнинг фикрларига суяниб қарайдиган бўлсак, диний аҳкомлар ақлга эмас, балки нақлий далилларга таянади. Ақлни нақлдан устун қўйганлар шариатга енгил-елпи қараган турли чаласаводлар каби динни нотўғри тушунтиришга уринишади. Натижада ўзлари ҳам адашади, бошқаларни ҳам тубанлик сари етаклайди.

Шуни афсус билан айтишимиз керакки, қабристонда ёки бирор ерда марҳумлар ҳақига тиловат қилиш мумкин эмаслиги, унинг фойдаси йўқлиги, шариатда ман этилгани борасида заиф бўлса-да бирор ҳадисни топа олмайсиз. Аксинча ояти карима, ҳадиси шарифлар ва алломаларнинг фикрлари унинг марғуб амаллардан эканлигини таъкидлайди.

Аллоҳ таоло марҳумлар ҳаққига дуо қилганларни тавсифлаб мақтаган:

«Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Аллбатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!» (Ҳашр сураси, 10- оят).

Буюк ватандошимиз имом Абулайс Самарқандий «Баҳрул улум» тафсирида қуйидагиларни ёзадилар: «Бу оятда мўминлар зиммасига ўзларидан олдин ўтган биродарлари учун Аллоҳдан мағфират сўрашлари бурч эканига далил бор. Шунингдек, ундан мўминлар ўзларининг ота-оналари ва таълим берган муаллимлари ҳаққига ҳам истиғфор айтиши кераклиги келиб чиқади».

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қачон бирингиз вафот этса, уни ушлаб турманглар. Қабрга тезроқ элтинглар. Унинг бош тарафида «Фотиҳа» сураси, оёқ тарафида «Бақара» сурасининг охири ўқилсин», – деганларини эшитдим» (Имом Табароний ва имом Байҳақий ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бири қабр устига капасини тикиб олди. У ер қабр эканини билмасди.  Бир куни қабр ичидаги инсон «Таборак» сурасини охиригача қироат қилганини эшитди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, билмасдан қабрнинг устига капамни қуриб олибман. Унинг ичида бир одам «Мулк» сурасини қироат қилди», – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У («Таборак» сураси) ман қилувчидир. У нажот берувчидир. Қабр азобидан нажот беради», – дедилар (Термизий ва Табароний ривояти).

Ўликнинг қабр ичида туриб Қуръон қироат қилгани собит бўлганидан кейин тириклар қабр устида туриб қироат қилишларини нима учун ман қилиш керак экан?!

Шунинг учун, бизда дафндан кейин «Таборак» сурасини қироат қилиш одат тусига айланган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мақбараларга кирганда «Ёсин» сурасини қироат қилса, Аллоҳ ўша куни уларга енгиллик беради ва унга ўша ердаги нарсалар ададича ҳасанотлар бўлади», – деганлар.

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликларингизга «Ёсин» сурасини қироат қилинглар», – дедилар» (Аҳмад, Ибн Можа, Абу Довуд ва Ҳоким ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қабристонга кириб, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн бир марта ўқиб, савобини ўликларга бағишласа, унга ўликлар ададича ажр берилади», – дедилар» (Дорақутний ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қабристонга кириб «Фотиҳа», «Қул ҳуваллоҳу аҳад» ва «Алҳакумут такасур» сураларини ўқиб, кейин «Аллоҳим! Ушбу каломингдан ҳосил бўлган савобни қабристондаги мўмин ва мўминаларга атадим», деса, Аллоҳга у хусусида шафоатчи бўлишади», – дедилар» (Абулқосим Занжоний ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қабристонга кириб «Ёсин» сурасини ўқиса, Аллоҳ таоло у ердагилардан азобни енгиллатади ва у ердагилар ададича ҳасанот ёзади», – дедилар» (Соҳибул Халол ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қабрда ётган маййит бамисоли сувда ғарқ бўлиб кетаётган ва ёрдам сўраётган кишига ўхшайди, у ўз отаси, онаси, фарзанди, дўстидан ёрдам сўрайди. Агар улардан дуо етса, унга бутун дунё бойлигидан улуғроқ ҳадя етган бўлади. Тириклар дуоси сабабли қабр аҳлларига тоғлардек катта савоблар етади. Тирикларнинг маййитларга қиладиган ҳадяси улар ҳаққига истиғфор айтишдир», – дедилар» (Имом Байҳақий ва Дайламий ривояти).

Ҳадисдан шу нарса маълум бўладики, тирикларнинг дуоси туфайли ўтганларнинг охиратдаги даражалари кўтарилади, уларнинг руҳлари хушнуд бўлади.

Имом Бухорий қуйидаги  ҳадисни ривоят қиладилар: «Руҳлар оламида бир кишининг даражаси ўз-ўзидан кўтарилиб қолар экан. Шунда у: «Эй Роббим, бу қанақаси бўлди, ҳеч қандай амал қилмасам ҳам даражам кўтарилиб қолибди», – дер экан. Шунда унга: «Сенинг ҳаққинга дунёдаги яқинларингдан бири дуо қилган эди, дуоси қабул бўлди ва сенинг бу ердаги даражанг кўтарилди», – дейилар экан».

Умму Афиф Наҳдийя ва Умму Шарик розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилинганида, биз аёллар ҳам байъат қилдик. Ўша байъатда ўликларимизга «Фотиҳа» сурасини ўқишга буюрдилар» (Имом Табароний ва Ибн Можа ривояти).

Машҳур саҳобий Абдураҳмон ибн Алаа вафотлари яқинлашган пайтда ўғилларига: «Мени қабримга қўйсангиз, «Бисмиллаҳи ва ала суннати Расулиллаҳи», денглар. Сўнгра устимга тупроқ тортинглар. Кейин бош тарафимда «Бақара» сурасининг аввали ва охирини қироат қилинглар. Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шундай деганларини эшитганман», – деб васият қилган эканлар» (Имом Байҳақий ривояти).

«Тафсири Жалолайн» китобининг муаллифи имом Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳ: «Мусулмонлар барча асрларда ҳеч қандай инкорсиз жамланиб, ўликларига қироат қилиб келмоқдалар. Бас, бу нарса ижмоъ бўлади. Қабрга қироат қилишга келсак, унинг шариатда борлигига бизнинг асҳобларимиз ва бошқалар жазм қилганлар».

«Муснадул Фирдавс» китобида: «Қайси бир ўлик ўлгандан кейин унинг олдида «Ёсин» сураси қироат қилинса, албатта, Аллоҳ унга енгиллик беради», – дейилган.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Машойихлар қачон маййит учун «Ёсин» сураси қироат қилинса, унга енгиллик берилади, дейишган».

Имом Қуртубий айтганлар: «Баъзи уламолар қабр олдида Қуръон қироати қилинишига икки новда ҳадисини далил қилишади ва қабрларга дарахт экиш ҳамда Қуръон тиловатининг фойда эканини таъкидлашади. Дарахтлар азобни енгиллатганидан кейин қандоқ қилиб мўмин кишининг Қуръон тиловат қилиши фойда бермасин. Шунинг учун, уламолар қабр зиёратини мустаҳаб, тиловат эса зиёратчидан маййитга туҳфадир, дейишган».

Имом Нававий «Саҳиҳ Муслим»нинг шарҳида: «Уламолар қабр олдида Қуръон тиловат қилишни мана шу ҳадисга асосан мустаҳабдир, дейишган. Шохнинг тасбеҳи билан азоб енгил бўлгач, Қуръон тиловати билан азобнинг енгиллашиши янада аълороқдир», – деганлар.

Имом Шаъбий айтганлар: «Ансорийлар маййит ҳузурида «Бақара» сурасини ўқишар эди».

Имом Халлол айтганлар: «Ансорлар агар бирор маййит ўлса, унинг қабрига навбат билан қатнаб, у ерда Қуръон ўқишар эди».

Иброҳим Нахаий айтганлар: «Қабрлар олдида Қуръон қироат қилишнинг асло зарари йўқ».

Заъфароний айтганлар: «Шофеъийдан қабрлар олдида қироат қилиш хусусида сўраганимда, у зот зарари йўқ, дедилар».

 Ҳанафий олимлари келтиришларича «Фатавои ҳиндийя» китобида: «Маййит дафн этилгач, қабр олдида бир ҳайвонни сўйиб, гўштини тақсимлаб бўлгунча миқдорда тиловат қилиб, маййитга дуо қилиш мустаҳабдир», – дейилган.

Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобларида келтирилади: «Маййитни дафн қилиб бўлингач, бир ҳайвонни сўйиб, тақсимлангунича қабр бошида ўтириш мустаҳаб амалдир. Ўтирганлар Қуръон тиловати, маййитга дуо, ваъз, хайр аҳлининг ҳикоялари ва солиҳларнинг суҳбатларига машғул бўлишади. Имом Шофеъий ва у зотнинг асҳоблари Қуръондан баъзи қисмлари ўқилади. Бордию Қуръоннинг барчаси хатм қилинса, янада яхшироқ бўлади», – дейишган».

Ибн Қайюм «Руҳ» номли китобида айтадилар: «Одамлар қадим пайтлардан то ҳозирги вақтимизгача ҳадис собит бўлмаса ҳам барча шаҳар ва асрларда ҳеч қандай инкорсиз бунга амал қилиб келишмоқда. Бу уммат мағрибдан машриққача ушбу одатни татбиқ қилган. У умматларнинг ақл ва маърифат жиҳатидан энг мукаммали бўлиб, ҳеч қачон эшитмайдиган ва ақл қилмайдиган кишига хитоб қилмайди. Мана шу нарсани бирор инкор қилувчи инкор қила олмайди. Балки бу аввалгиларнинг кейингиларга суннати бўлиб, кейингилар аввалгиларга эргашишади».

Албатта, Қуръон тиловати энг афзал ибодатлардан бўлиб, у билан мусулмон банда Раббисига яқин бўлади. Қуръон қироати инсон хоҳ вафотидан кейин бўлсин, хоҳ манзилида ёки уйида бўлсин, хоҳ жанозадан кейин ёки олдин бўлсин ёки қабр олдида бўлсин, бу нарса шаръий ҳукмда жоиз бўлиб, Аллоҳнинг фазли билан маййитни қабрида азобдан енгиллашишига сабаб бўлади.

Шунингдек, Шофеъий мазҳаби уламолари ҳам қироатнинг савоби агар ўқувчи Аллоҳдан сўраса, маййитга етиб боришини айтишган.

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: «Қабр олдида қироат қилишнинг ҳеч қандай зиёни йўқ», – деганлар.

Ҳанбалий фақиҳларидан Ибн Қудома «Муғний» китобида: «Маййит барча қурбат бўлувчи нарсалардан манфаат олганидек Қуръон қироатидан ҳам манфаат олади. Демак инсон қандай қурбат қилса ҳам савобини маййитга бағишласа, Аллоҳнинг изни билан манфаат олади».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал қабр олдида қироат қилишни авваллари инкор қилар эдилар. Кейинчалик ўз фикридан қайтганлар. Шунга биноан Ҳанбалий олимлари қабр олдида Қуръон тиловати жоизлигини айтишган.

Ибн Абу Зайд «Рисола» китобида Ибн Фарҳундан ривоят қилиб айтишларича, Моликий имомлари ҳам маййитга қироат савоби етишини нақл қилишган.

Ҳанафий мазҳаби бўйича ҳам қабрларни зиёрат қилиш эркак ва аёлларга мандубдир. Ҳанафий мазҳабидагилар маййитга ҳамда тирикларга ҳам Қуръон қироатининг савоби етиб бориши жоизлигини айтишган. Мазҳабнинг фатволари жамланган «Ҳидоя», «Бадоиъ», «Баҳр» ва бошқа китобларда бу ҳақда айтилган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Қуръон тиловати маййитга хоҳ у маййит қабрда бўлсин ёки ундан узоқда бўлсин, жоиздир. Аллоҳ изни билан савоби маййитга етиб боради.

Марҳум ва марҳумаларнинг яхши сифатлари ва хайрли амаллари эсланса, у жойга барака нозил бўлади. Суфён ибн Уяайна раҳматуллоҳи алайҳ: «Солиҳ кишилар эсланган вақтда Аллоҳ таолонинг раҳмати тушади», – деганлар.

Кўриб ўтганимиздек, қироатни ман қилувчи ҳеч қандай далил мавжуд эмас. Маълумки, шариат бўйича бирор ишни қилишга ҳам, қилмасликка ҳам далил-ҳужжат бўлиши керак. Ўликка қироат қилиш ва савобини бағишлашни ман қиладиган бирорта далил йўқ.

Албатта, марҳумларни эслаш билан уларнинг ҳаққига Аллоҳ таолодан раҳмат ва мағфират сўралади. Бу нарса бандаларнинг зимасидаги бурчдир.



Эркин ҚУДРАТОВ,

Мир Араб ўрта махсус ислом

билим юрти мударриси

понедельник, 4 февраля 2019 г.

Муваффақиятга эришмоқчимисиз?

 
                                                                                                                                                              Инсонлар ҳар доим бахтли ва ҳар соҳада мувофақиятли бўлиб яшашни орзу қилади. Бу яхши албатта, аммо бахт ва муваффақиятга эришиш учун орзунинг ўзи камлик қилади. Олимларнинг таъкидлашича инсон мақсадига эришмоғи учун яхши ният, ҳаракат ва сабр лозим экан.

Ният. Замонамизнинг машҳур файласуф бизнес спикерларидан бири АҚШлик доктор Уэйн Валтер Дернинг сўзларига кўра, ният бу - соф ва чексиз энергия манбайидир. Унинг сўзларига кўра инсон ният билан боғланганида, унинг атрофида ҳамжиҳатлик ва ниятни амалга оширувчи кучлар бирлашишни бошлар экан. Одамларга эзгу ниятгина илҳомлантирувчи куч ва бахтиёрлик ҳиссини бериб, натижада шахслараро муносабатлар илиқлашиб, ҳодисалар уларнинг фойдасига бирлашар экан. Ният кучи орқали ҳаётни мўъжизавий тарзда ўзгартира олиш имконияти фақат инсониятга берилган неъматдир. Ниятнинг кучи – барча мувофақиятга эришган истеъдодли одамлар томонидан ишлатиладиган асосий энергия манбайидир.

Эътиборлиси шунчаки ният эмас, балки яхши ва холис ният мувофақиятнинг бирламчи омилидир. Чунки, инсон қилаётган ишларининг қандай натижа бериши, авваламбор қалбидаги ниятига боғлиқ. Яхши ният қилган бўлса, яхшиликка, ёмон ният қилган бўлса, ўша мақсадга етади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Албатта, амаллар ниятга боғлиқ. Ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади”, деб айтганларини эшитганман, дедилар (Бухорий, Муслим ривояти).

Яҳё ибн Касир раҳимаҳуллоҳ: "Ниятинг ҳақида огоҳ бўл, чунки у амалингдан кўра муҳимдир", дейди. Юсуф ибн Асбот раҳимаҳуллоҳ эса: "Ниятни ҳар хил бузғунчиликлардан тозалаш меҳнаткашларнинг қаттиқ ишлашидан ҳам оғирроқдир", деган.

Демак, аввало холис ва эзгу ният қилинг!

Ҳаракат. Хўш, биз доим такрорлайдиган, катталар кичикларга уқтириб чарчамаётган ҳаракат ўзи нима? Фалсафада ҳаракатга қуйидагича таъриф берилади: “Ҳаракат  — борлиқнинг ажралмас хусусияти бўлган ўзгарувчанликни ифодаловчи фалсафий категория. Ҳаракат тушунчаси имкониятларнинг воқеликка айланишини, рўй бераётган ҳодисаларни, оламнинг бетўхтов янгиланиб боришини акс эттиради. Оламдаги ҳар қандай жараён ҳаракат туфайли содир бўлади. Ҳар қандай ўзгариш — ҳаракат натижасидир”. Дангасалар ўзларини ҳар-хил баҳона ва важлар билан алдашади: “Менда бу мақсадлар учун етарли даражада имконият йўқ …”, “Қўлимдан келмайди…”, “Шароитимга тўғри келмайди… ” ва ҳоказо. Аслида улар ҳаракат қилишдан қочишади, аниқроғи ҳаракат натижасида пайдо бўладиган муаммолардан қўрқади, меҳнатнинг машаққатидан қочади. Билишмайдики озгина машаққат ва муаммолар улкан марраларни забт этиш калити эканлигини. Ўзингизни ёлғон таскинлар билан тинчлантирманг, орзуйингиз ўз-ўзидан ушалиб қолмайди. Доимо ўз устингизда ишланг, ҳаракат қилинг, билимингизни оширинг агар йўлингизда қийинчилик ва тўсиқларга дуч келсангиз йўлни ўзгартиринг аммо мақсадингизни эмас. Энг асосийси Аллоҳ таолога суюнинг ва Ўзига таваккул қилинг! Зеро, Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай марҳамат қилади:

“(Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар.” (Оли Имрон, 159)

"Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўюр". (Талоқ, 2)

Сабр. Жуда кўп инсонлар мақсадига етиш йўлида яхши ният ила ҳаракат қиладилару аммо, сабр қилмасдан бир лаҳзада мақсадига эришишни истаб ўзларига турли муаммоларни орттириб олади. Юқорида таъкидланган мувофақиятга етказувчи уч омилнинг энг мураккаби бу сабр қилишдир. Сабрнинг маъноси ҳар қандай ҳолатда инсон ўзини ушлаб ва тўхтатиб туришидир. Сабрнинг яна бир маъноси бирор нарсани кутиб туришдир. Зеро, сабр қилиш муваффақиятлар ва саодатлар гарови эканини барчамиз яхши билишимиз зарур экан. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Эй имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!” (Оли Имрон, 200)

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Сабр қийинчиликларни беркитувчи ва бахтсизликда ёрдамчидир”. 

Ҳазрати Расул акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сабрнинг даражаси ва ўрнига баҳо бериб, бундай деганлар: “Сабр зиёдир”.

Бошқа бир ҳадисларида эса: “Сабр имоннинг бир бўлагидир”, деб айтганлар.
Қуръони каримда сабр ва унинг фазилати тўғрисида жуда кўплаб ояти карималар мавжуд. Имом Аҳмад (розияллоҳу анҳу) шундай дейди: “Қуръоннинг тўқсон ерида сабрнинг зикри келган. “Сабр қил” калимаси ўн тўққиз марта такрорланган”. Қуръони каримнинг юздан зиёд ўрнида сабрга чорловчи амрлар, сабр қилувчиларга бўладиган улуғ савоблар ҳақида сўз юритилган. Масалан, Аллоҳ таоло амр қилиб бундай деган:

“Сабр қилинг! Бас, албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчилар мукофотини зое қилмагай”. (Ҳуд, 115)

“Биз, албатта, сабр этганларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз”. (Наҳл, 96)

“Мен бугун уларни сабр қилганлари сабабли мукофотладим – улар ҳақиқатан ютуққа эришувчидирлар”. (Муъминун 111)

Яхши ният, ҳаракат ва сабр ҳаёт қоидаларингиздан жой олиб, дастур-ул амалингиз бўлсин!

 ©Саидаброр Умаров

суббота, 2 февраля 2019 г.

Ночор ота ва тиланчи

Камбағал ишчи бир куни ишдан ҳайдалди Бошқа даромади бўлмагани учун болалари уч кун овқатсиз, нонсиз  қолди. У одам иш қидириб қаёққа борса, “иш йўқ” деб эшикни юзига ёпишди. Устма-уст уч кун қорни оч қолган болаларнинг хархашаси онанинг юрагини эзиб юборди. Чорасизлик билан турмуш ўртоғига: “Кўряпсизми болаларни? Очликдан юзлари сарғайиб кетди. Биз-ку майли чидаймиз, лекин улар бунга чидолмайдилар. Бу ишнинг охири нима бўлади? Ўйлаб кўрдингизми?” деди.
Эр эгилган бошини аёли томон қаратиб: “Неча кундан бери бормаган жойим қолмади. Энг кам ойликка бўлса ҳам иш қидирдим, бир кун бўлса ҳам қорнингиз тўйсин, деб. Лекин ҳеч ким менга иш бермаяпти. Болаларимнинг бу ҳоли менинг ҳам юрагимни эзиб юборди. Лекин кўриб турибсанки, қўлимдан бирор нарса келмаяпти” деди. Шунда аёли: “Ундай бўлса менинг келинлик кунларимдаги рўмолимни олиб бориб сотинг, неча пул бўлса ҳам бирор нарса олиб келинг, болаларимизнинг қорнини тўйдирайлик. Қолганига Аллоҳ Каримдир. Ризқ бергувчи Удир. Бизга албатта бирор хайрли эшик очилади” деди.
Эр уятдан қизариб, тушиб қолган қийин вазиятни ўйлаб, аёли сандиқдан олиб берган ҳали яп-янги турган рўмолни олиб, бозорга борди. Рўмолни ўша пайтда икки дирҳамдан ортиғига олмасдилар. Олган пулига бирор егулик олиш учун кетаётганда йўлда тиланчига дуч келди. Тиланчи ўтган-кетганга шундай дер эди: “Аллоҳ ризоси ва Пайғамбарининг ишқи учун бўш ўтманг. Аллоҳни хурсанд қилиш учун менга ёрдам беришни хоҳловчи йўқми? Дунёда ҳеч нарсаси йўқ, ҳақиқий муҳтожман.
Рўмол сотган одам тиланчининг олдига келди. Аёлининг рўмоли пулини — неча кундир ҳеч нарса емаган болалари учун бирор нарса олмоқчи бўлган пулини тиланчига берди. Энди бўш қўл билан уйга бориш ҳам ноқулай эди. Рўмолнинг пулини сўраган аёлига нима деб жавоб беради? “Рўмолингга икки дирҳам беришди, уни тиланчига бериб юбордим, унинг ялиниб-ёлворишига чидолмадим” деб қандай айтади? Шу ўйлар билан масжидга кириб шом намозини ўқиб, бўш қўл билан уйига қайтди. Аёли ва болалари уни бирор егулик опкелади деб кутиб ўтиришган эди.
Кеч қолганига яхшироқ бирор нарса олиб келса керак, деб ўйладилар. Ота умидсизлик билан эшикдан қаради, аёли бу ҳолатга ҳайрон эди. Болалари эса бу кеча ҳам оч қолишларини ўйлаб мажолсиз овозда йиғлай бошлашди. Аёл ҳам ҳайрон, ҳам жаҳл оҳангида рўмолни нима қилганлигини сўради.
Эр аёлига ҳаммасини бирма-бир айтиб берди. Аёл ишнинг аслини билгач, сабрли оҳангда: “Рўмолнинг пулини Аллоҳ йўлида берган экансиз, У улуғ ва бойдир. Сахийлигингиз эвазига бизга хоҳлаган вақти унинг эвазини беришга Қодирдир. Сиз тўғри иш қилдингиз, қани кўрамиз, қайси эшикни очар экан?” деди.
Эрталаб аёл турмуш ўртоғига отасининг уйидан олиб келган девор соатини берди ва: “Буни сотинг ва эвазига қанча егулик келса олиб келинг” деди. У бозорга бориб, соатни сотишга ҳаракат қилади. Лекин ҳеч олувчи тополмайди. Чарчаб, ҳорғин келаётганда бир балиқ сотувчисига йўлиқди. Балиқчи баланд овозда: “Балиқ бор, балиқ” деб бақирарди. Қўлида икки донагина балиқ қолган эди.
Фақир киши балиқчининг ёнига бориб: “Бу соат менга, бу балиқлар сенга наф келтирмайди, шунинг учун шу икки балиғингни менга бер, мен сенга шу соатни берай” деди. Мижоз йиғиш учун эрталабдан бери бақираётган балиқчи бу одамнинг таклифини қабул қилди. Балиқларни бериб, соатни олиб кетди.
Неча кундан бери уйига биринчи марта егулик олиб кетаётганндан жуда хурсанд бўлаётган ота балиқларни қўлига олиши билан уйига югурди. Оталарининг егулик олиб келганини кўрган болалар жуда хурсанд бўлиб кетишди. Аёл балиқни тозалаш учун ошхонага кирди. Бироз ўтиб хайратланиб хожасини чақирди. Балиқлардан бирининг қорнидан каттакон инжу чиқди.
Фақир одам инжуни олиб заргарнинг олдига борди. Заргар инжунинг бебаҳо эканлигини, агар ўзига сотишса 14000 дирҳам беришини айтди. Фақир одам қийинчиликлар ортда қолганини сезди. Аллоҳ унга неъмат эшикларини очганини тушунди. Заргарга уни 14000 дирҳамга сотиб, пулини олиб уйга қайтди. Бўлиб ўтган воқеани уйига келиб, аёлига ҳам айтиб берди. Ҳаммалари ғамларни аритган Аллоҳга шукроналар айтишди.
Шу пайт эшикда тиланчининг овози эшитилди: “Эй уй эгалари, Аллоҳ сизга бергандан менга ҳам беринг!” Фақир киши эшикни очиб: “Шу пайтда Аллоҳ бизга ҳеч кутмаган жойимиздан 14000 дирҳам ҳадя қилди. Модомики, сен Аллоҳ ризоси учун Аллоҳ берганидан сўраяпсан, мен ҳам шу пулнинг ярмини сенга берай, қолган ярми бизники бўлсин”.
Биргина сўзи учун 7000 дирҳамга эга бўлганидан хурсанд тиланчига пулнинг ярмини олиб чиқиш учун уйига кириб кетди, чиқиб қараса тиланчи йўқ. У ер-бу ерни қараса ҳеч қаерда кўринмади.
Уй эгаси ўша куни ғам-ташвишлардан холи уйқуга кетди ва тушида бояги тиланчини кўрди. Ундан нега кетиб қолганлигини сўраганда, тиланчи: “Мен тиланчи эмас эдим, Аллоҳнинг фаришталаридан бири эдим. Хайрли ишларни қай даражада яхши кўришинг ва Аллоҳга боғлиқлик даражангни билиш учун инсон шаклида сенинг уйингга келдим. Мени Аллоҳ сени охирги марта синаб, даражангни юксалтириш учун хонадонингга юборди. Олдинги куни аёлингнинг рўмолини сотиб, икки дирҳам олганингда ўша икки дирҳамни олган ҳам мен эдим. Ўша икки дирҳамни хотиржамлик билан Аллоҳ ризоси учун менга берганинг учун Аллоҳ сенга инжуни берди. Бугунги сахийлигинг учун эса нариги дунёда тенгсиз неъматлар билан тўла Жаннатга эришасан”.
Сенингдек энг қийин вазиятларда ҳам Аллоҳ ризосини барча нарсадан устун қўювчиларга хушхабар бўлсин…
Аллоҳ барчамиздан, дунё мол-мулкларидан устун қўйган барчадан рози бўлсин…
Шарқ халқлари ҳикояларидан